3-қаватдан йиқилиб тушган талаба операциядан муваффақиятли чиқди
13 ноябрь куни соат тахминан 15:30 атрофида Гулистон давлат университетининг филология факультети 4-босқич талабаси Ю.Қ. университет бош биноси 3-қавати ойнасидан телефон орқали суҳбатлашаётган вақтида эҳтиётсизлик қилиб, пастга тушиб кетган.
Воқеа содир бўлган вақтда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинган. Тиббиёт ходимлари томонидан талабага ёрдам кўрсатилиб, сўнг Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Сирдарё вилояти филиалига олиб борилган ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ушбу воқеа юзасидан Ю.Қ. курсдошлари билан университет маъмурияти томонидан суҳбат ўтказилганида, гуруҳ талабалари ўртасида ҳеч қандай низоли ҳолат бўлмагани, Ю.Қ.нинг биров билан тортишмагани маълум бўлган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан маълум қилишларича, Ю.Қ. 14 ноябрь куни муваффақиятли операция қилинган. Ҳозирда унинг умумий аҳволи яхши. Университет маъмурияти ва курсдошлари унинг аҳволидан хабар олиб туришибди.