"Талабаликни иккинчи босқичдан бошладим"

Бугун самарқандлик талабалар учун янги ўқув йили бошланди. Мен университетга иккинчи босқичдан талабаликка қабул қилиндим. Биринчи кунги дарсларига қатнашдим, тўғриси, ҳалигача бу хабарга ўзим ишонолмаяпман. Аммо ҳақиқат.

Бундан икки йил аввал Самарқанд давлат университетининг кимё факултетига ўқишга топшириб, киролмагандим. Кейин СамДУ қошидаги Гулобод агробиотехнологиялар техникуми очилгани, агар шу таълим муассасасини аъло баҳоларга битирса суҳбат асосида олий ўқув юртига иккинчи босқичдан қабул қилиниши мумкинлигини эшитдим. Аввал иккиландим, кейин таваккал қилиб шу техникумга ҳужжат топширдим ва қабул қилиндим. Бу ерда агрокимё йўналишида назарий ва амалий дарсларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилдим.

Шу орада техникум битирувчиларини олий таълим муассасасига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби бекор қилинаётганлигини эшитиб, ҳафсалам пир бўлди, аммо умидимни узмадим.

Устозлар тавсияси билан олий ўқув юртига кириш учун суҳбатдан ўтадиган бўлдим. Имтиҳонда берилган саволлар мураккаб эди, аммо ўқиган абитуриент учун бу қийинчилик туғдирмасди. Хуллас, суҳбатдан муваффақиятли ўтдим. Бугун, ниҳоят, СамДУ таркибидаги агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида иккинчи босқич талабалари орасида дарсларда қатнашдим.  

Бугун янги ўқув йилининг биринчи куни ҳамда шу пайтгача факультет бўлган ва яқинда СамДУ таркибидаги агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти сифатида университетдан ажралиб чиққан олий ўқув юртимизнинг фаолият бошлаши муносабати билан ташкил этилган тадбирда билдимки, иккинчи босқичдан ўқишни бошлаган мен кабилар яна бор экан. Барчага яхши мутахассис бўлиб етишишни тиладим.

Нурхон Холдорова.