Талаба дастурчи: "Дадамнинг совғаси дастурчи бўлишимга сабабчи бўлди"
Нуробод туманининг Оқсой қишлоғида туғилганман. Болалигимдан, яъни мактабда ўқиб юрган вақтларимданоқ ахборот технологияларига қизиққанман. Аммо ўша пайтларда мен таълим олган 65-умумий ўрта таълим мактабида компьютерлар муаммоси мавжуд эди. Шундай бўлса-да қизиқишимни сўндирмадим.
Мактабни тугатиб, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейида ўқишимни давом эттирдим. Бу ерда компьютерни ўрганиш учун имкониятлар борлиги ахборот технологиялари йўналишига бўлган қизиқишимнинг янада ортишига сабаб бўлди. Буни сезган дадам агар институтга грант асосида ўқишга кирсам компьютер совға қилишини айтди. Кучли тайёргарлик натижасида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Дадам берган ваъдасининг устидан чиқиб, менга энг сўнгги русумдаги компьютер совға қилди.
Талабалик давримнинг илк кунларидан ҳам уйда, ҳам олий ўқув юртида компьютерни чуқурроқ ўрганишни бошладим. Аввало оддий, кейинчалик мураккаб дастурлаш тиллари билан таниша бошладим. Натижада ҳозиргача иккита дастур яратганман.
Биринчиси симсиз тармоқларда алоқа қамрови ҳудудини ҳисоблаш дастури бўлиб, буни яратиш учун 3 ой вақт кетган. Дастур, масалан, уяли алоқа станциясидан тарқалаётган сигналнинг масофа ва рельефга қараб параметрлар ўзгаришини ҳисоблаб беради. Буни агар инсон ҳисобласа ярим соат вақт сарфлайди. Дастур эса бу вазифани ярим сонияда бажаради. Иккинчиси оддийроқ бўлиб, логопериодик антеннанинг параметрларини ҳисоблаш дастури. Бунинг учун бир ойдан камроқ вақт сарфлаганман.
Филиалда биринчи босқичданоқ аъло баҳоларга ўқиб келяпман. Устозим Ҳотам Мирзақулов кўмаги билан илмий изланишлар олиб боряпман. Ўндан зиёд мақолаларим республика нашрлари ва халқаро журналларда чоп этилди.
Ўтган 2023 йил сўнгида яна бир муваффаиятга эришдим, яъни Президент давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Бу менга қувонч бағишлаш билан бирга масъулият ҳам юклади. Келгусида ўқишимни магистратурада давом эттириш, илмий изланишлар олиб бориш ва янгидан-янги дастурлар яратишни олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Бежан НОРМАҲМАДОВ,
ТАТУ Самарқанд филиали талабаси.