“Долзарб 90 кун”: Ойига 15 миллион сўм топаётган талаба ёхуд ёзги таътил имкониятлари
Самарқанд давлат университетининг иқтисод йўналишида ўқисам-да инглиз тилига қизиқишим кучли. Яқинда IELTSдан 8,5 баллни қўлга киритдим. Шу кунларда 50 нафар ўқувчига репититорлик қиляпман. Ойига ўртача 15 миллион сўм даромад топяпман.
Бу ютуқлар Паст Дарғом тумани Қўқони маҳалласи ёшларидан бири Шербек Алишеровга тегишли.
- 7 йилдан бери инглиз тилини ўрганиб келяпман, - дейди у. – Бундан уч йил аввал 6 баллик IELTS сертификатига эга эдим. Йилдан-йилга даражамни ошириб боряпман. Бу ютуқларга эришишим осон бўлмади, албатта. Мактабни битирган пайтимда “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилгандим, Олий ўқув юртига тўлов шартнома асосида ўқишга кирганман. Оилавий шароитимиз оғирроқ бўлгани учун биринчи курслигимда контракт пулини топиш муаммо бўлган. Шунда маҳалламиз ёшлар етакчиси кўмаги билан менга “Ёшлар дафтари” жамғармасидан зарур маблағ ажратилди. Бугун ўзимга ўхшаб қийналиб турган, оиласида молиявий муаммоси бор болаларга бепул таълим бериб келяпман.
Шербек Алишеров маҳалладаги 20-мактабда таълим олган. Мазкур таълим муассасасида у каби билимга чанқоқ, изланувчан, ёш бўлишига қарамасдан кўплаб ютуқларга эришаётган ўқувчилар кўп.
- Айни ёзги таътил пайтида бу ерда “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида тўгараклар ташкил қилинган, - дейди мактаб директори Машҳура Турдимуродова. - Хусусан, спортнинг волейбол, футбол, шахмат-шашка турлари, мусиқа ва санъат ҳамда турли фанлар бўйича машғулотлар олиб бориляпти. Бу тўгаракларда ҳар куни 80 нафардан ортиқ ўқувчи қатнашяпти. Мактабда ташкил этилган тўгараклар самараси ҳам ёмон эмас. Масалан, 7-синф ўқувчиси Жавоҳир Усмонқулов спортнинг бокс тури бўйича ҳам мамлакат, ҳам Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. 6-синф ўқувчиси Динора Зоҳидова эшкак эшиш бўйича республика паралимпиада мусобақасида биринчи ўринга сазовор бўлди.
Маҳаллада уюшмаган ёшлар ҳам эътибордан четда қолмайди.
- 2024 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг бош прокурор кубоги учун ўтказилган кураш бўйича мусобақанинг республика босқичида маҳалламиз ёшларидан бири Марҳабо Элмуродова 3-ўринни қўлга киритди, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Ойбек Кўбаев. - Шу муносабат билан маҳалламиз ёшлари учун мактаб ҳовлисидан ер ажратилиб, “Street work out” майдончаси қуриб берилди. Ҳозирда “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида ёшларимиз шу майдончада бўш вақтини мазмунли ўтказяпти.
Дилноза Аҳмадова,
Бахтиёр Мустанов (фото+видео).