Таълим кредити: Вилоятдаги банклар томонидан талабаларга икки ярим ойда 100 миллиард сўмга яқин кредит ажратилди

Уч йилдирки, Президент қарори асосида республикамиздаги барча давлат, нодавлат, мамлакатимиз ҳудудидаги хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга тижорат банклари томонидан таълим кредити ажратиб келинмоқда.

Шу ўринда биргина рақамлар ўртасидаги фарқ орқали таълим кредити ажратишнинг янги тизими ва у жорий этилгунга қадар амалда бўлган тартиб ўртасидаги катта ижобий тафовутга баҳо бериш мумкин.

2020/2021 ўқув йили учун вилоятдаги банк филиаллари томонидан ўша пайт амалда бўлган, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида” қарори асосида жами 461 нафар талабага 4 миллиард 667 миллион сўм таълим кредити ажратилган. 2021 йил 1 август ҳолатига вилоят банк тизимидаги таълим кредитлари қолдиғи 4 331 та кредит бўйича 16 миллиард 594 миллион сўмни ташкил этган.

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида вилоятдаги тижорат банклари томонидан 6 267 нафар талабага 73 миллиард 572 миллион сўм таълим кредитлари ажратилди. Уларнинг 60 миллиард 501 миллион сўми ёки 82 фоизи хотин-қизлар улушига тўғри келади. Бу 2020/2021 ўқув йилидагидан сумма бўйича қарийб 16 карра, талабалар сонига нисбатан эса 14 баравар кўп эканидан далолат.

Аҳамиятлиси, “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида хотин-қизлар таълим кредитининг фоиз тўловларини Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди.

Октябрь ойида ҳам тижорат банклари таълим кредитлари беришда давом этаётганлигини инобатга олсак, бу ижобий тафовутнинг янада ортиши кутилади. Мисол учун, жорий йилда таълим кредит ажратишда вилоятда етакчилик қилиб келаётган Халқ банки томонидан октябр ойининг биринчи ярмида 2 067  нафар талабага 21 миллиард сўмдан ортиқ таълим кредити ажратилган.

Эндиликда таълим кредитлари ажратишда банкларни иқтисодий манфаат ҳаракатлантираётганлигини кўришимиз мумкин. Мисол учун, дастлаб Халқ банки томонидан барча филиалларда 9-10, 16-17 сентябрь шанба ва якшанба дам олиш кунлари, кейин эса “Ипотекабанк” томонидан ҳам барча филиалларда 16 сентябрдан шанба ва якшанба дам олиш кунларида таълим кредитини расмийлаштириш йўлга қўйилганлиги бир томондан талабалар ва уларнинг оила аъзоларига қўшимча қулайликлар яратди. Шу билан бирга бу кредит портфелининг ошиши жиҳатидан ушбу банкларга ҳам бирдек манфаатли бўлди.

Бу маълумотлар Самарқанд давлат университети Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти банк иши ва аудити йўналиши  биринчи босқич талабалари ҳамкорлигида “Банк ишига кириш” фанидан амалиёт соатларида тўпланди ва ушбу мақола тайёрланди.