Таълим кредити: У кимларга, қай тартибда берилади ва қанча вақтда қайтарилади?

Таълим тизимида тижорат банклари томонидан талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида республикадаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида барча талабаларга таълим кредитлари ажратиб келинмоқда.

Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.

Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил 18 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан тўлов контрактда ўқиётган хотин-қизларга фоизсиз таълим кредитлари ажратилмоқда.

Бунда таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади. Яъни, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни жамғарма тўлаб бериши натижасида таълим кредити олган хотин-қизлар кредит учун фоиз тўловларини тўламайди.

Бундан ташқари, таълим кредити олиш истаги бўлган талабалар учун “talim-krediti.uz” платформаси ишга туширилган. Мазкур платформа орқали таълим кредитини олиш жараёни янада осонлашди. Эндиликда кредит олмоқчи бўлган талабалар банкка бормасдан, платформа орқали онлайн ариза қолдиришлари мумкин.

2022 йил мобайнида тижорат банклари томонидан 14 229 нафар талабага жами 146,3 млрд. сўм, шундан 13 733 нафар талабага 142  млрд.сўм таълим кредитлари 2022-2023 ўқув йиллари учун ажратилди.

Жами ажратилган таълим кредитларининг 77 фоизи ёки 109,5 млрд. сўми 10 980 нафар хотин-қизларга ажратилган.

Тижорат банклари томонидан 2022 йилда ажратилган таълим кредитларини кенгроқ таҳлил қиладиган бўлсак, 2022 йил давомида ажратилган таълим кредитларининг 96 фоизи яъни 143,5 млрд. сўми Олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи 13 694 нафар талабаларга, 4 фоизи яъни 2,8 млрд. сўми ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимида таҳсил олувчи 535 нафар талабаларга ажратилган.

Банклар кесимида энг кўп таълим кредитлари ажратган банклар:

- Халқ банки 5 815 нафар талабага 61,5 млрд.сўм;

- Ипотека-банк 3 660 нафар талабага 39,3 млрд.сўм;

- Агробанк 1 909 нафар талабага 17,8 млрд.сўм.

Ҳудудлар кесимида энг кўп таълим кредити олган талабалар:

- Самарқанд шаҳрида – 1 750 нафар талаба 19,4 млрд. сўм;

- Ургут туманида – 1 358 нафар талаба 14,3 млрд. сўм;

- Пайариқ туманида – 1 256 нафар талаба 12,9 млрд. сўм;

- Паст Дарғом туманида – 1 253 нафар талаба 11,8 млрд. сўм.

 Суюн Сафаралиев,

Марказий банкнинг Самарқанд вилояти

бош бошқармаси бўлим бошлиғи.