Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талаба кредити олиш бўйича енгиллик ҳақида эслатилмоқда

Марказий банк вилоят бош бошқармаси хабарига кўра, қарз олувчи ва унинг оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, ер ёки хотини) ёки васийлари доимий даромад манбаига эга бўлмаган тақдирда ёки уларнинг даромади кредит бўйича тўловларини сўндириш учун етарли даражада бўлмаса, кредит учинчи шахсларнинг биргаликда қарз олувчи сифатида иштироки асосида ажратилиши мумкин.

Яъни, талабанинг яқинлари биргаликда қарз олувчи бўла олмаса, яқин қариндош бўлмаган бошқа шахслар биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин.

Республика Президентининг 2021 йил 18 августдаги “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинган эди.

Мазкур ҳужжатга асосан олий таълим ташкилотлари ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредитини ажратиш кўзда тутилган. Мазкур кредит билан боғлиқ масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 25 октябрида қўшма кўрсатма хат расмийлаштирилиб, Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси билан шартнома тузган тижорат банкларига ижро учун йўлланган.

Хатда юқоридаги қулайлик: қарз олишда учинчи шахслар иштирокини киритиш кўзда тутилган.

Вилоят Марказий банки бошлиғи ўринбосари Ш.Сувонқуловга кўра, Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари зиммасига тижорат банкларининг ҳудудлардаги филиалларида таълим кредити бўйича мурожаатларни кўриб чиқишда ушбу кўрсатма-хатнинг инобатга олинишини назорат қилиш юклатилган.

“Aзиз талабалар, Сизга таълим кредити ажратилишида оила аъзоларингиздан бошқа учинчи шахсларни биргаликда қарз олувчи сифатида тақдим этган мурожаатларингиз тижорат банклари филиалларида рад этилган ҳолатда Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин” дейилади хабарда.