19 ёшида ойига 1000 доллар топаётган талаба
Қаҳрамонимиз Достон Ишанов Каттақўрғон шаҳрида туғилган. 19 ёш бўлишига қарамай IТ ва робототехника соҳасида бир нечта стартап лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб, вилоят, республика ва халқаро танловлар ғолиби бўлган.
- Ёшлигимдан робототехника ва электрон ўйинчоқлар ясашга қизиқардим, - дейди Достон. – Отам истеъдодимни кўриб, 2016 йилда робототехника тўгарагига олиб келди. У ерда IТ ва робототехника мутахассиси Асад Донёровга шогирд тушиб, у кишидан турли йўналиш ва соҳаларда роботлар ва электрон ўйичоқлар ясашни ўргандим ва турли танловлар ғолиби бўлдим. 2020 йил Каттақўрғон шаҳридаги IТ марказда робототехника йўналишида дарс беришни бошладим. Шундан сўнг, ўтган йил январь ойида робототехника бўйича тажрибамни ошириш мақсадида Самарқанд IТ-Park филиалига таҳсил олдим ва уч ой ўтгач, илк стартап лойиҳамни ишга туширдим.
Кўп ўтмай ёш мутахассис робототехника йўналишида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” танловида ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, топ-10 таликка кирди. Шунингдек, Достон Smart World Accyess Technology лойиҳасини ишга туширди ва унинг раҳбарига айланди. Ҳозирда Достон 14 кишидан иборат жамоа билан ахборот технологиялари, робототехника, мехатроника, схемотехника, дастурлаш ва 3D моделлаштириш йўналишларида “Alko tester”, “Yuqori texnologiyalar muzeyi”, “Utility SS99 robot”, “Aqlli hassa”, “Arm Robot”, “Gaz detektori”, “Gid robot”, “Robot lab”, “Suvosti roboti”, “I.B.K uz”, “Women Union каби янги стартап лойиҳаларни яратиб, улар устида ишламоқда.
“Alko tester” ва “Imkoniyat Baxt Kelajak uz” ана шундай стартап лойиҳалар сирасига киради. Достон бугунги кунда шу икки лойиҳани оммага тақдим қилмоқчи.
- “Alko tester” лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион сўм, - дейди Достон Ишанов. – Қурилма инсоннинг спиртли ичимлик истеъмол қилган ёки қилмаганини ваучерда аниқ кўрсатади. Бу лойиҳа кўпроқ йўл патрул хизмати ходимларига жуда асқотади. “Imkoniyat Baxt Kelajak uz” лойиҳасининг қиймати эса 370 миллион сўм бўлиб, имконияти чекланган ёшларга мўлжалланган. Бу платформа орқали фан, таълим йўналишидаги топшириқлар, дастурлаш машғулотлари виртуал лабораторияда интернет орқали бажарилади.
Эътиборлиси, Достон Ишанов Хитойда WUXI университетининг иккинчи босқичида таҳсил олиш билан бирга, IТ-Park Самарқанд филиалида робототехника бўйича 50 нафардан ортиқ ёшларга ва тенгдошларига дарс бермоқда. У ҳам мураббий сифатида, ҳам лойиҳалари устида астойдил меҳнат қилиб, ойига 1000 доллар пул топади ва янги лойиҳалар яратади.
- IТ соҳасида янги дастурлар ва роботехниканинг яратилмаган типларини ихтиро қилишни мақсад қилганмиз, - дейди Достон. – Билганларимни тенгдошларимга, ёшларга ўргатяпман, устозлардан маслаҳат олиб, лойиҳалар устида биргаликда ишлаяпмиз. Ўйлайманки, биз яратаётган бу лойиҳалар хориж давлатларида юртимз бренди билан танилади.
Ёш мутахассис фаолияти давомида робототехника йўналишида техник ижодкор ёшлар ўртасида “Carnaval of Robotic”, “Spotlight Digital Challenge” халқаро танловлар иштирокчиси ва ғолиби, энг яхши ғоя муаллифи, “The best”, Robot-2021” республика кўрик-танловлари совриндори ҳамда нуфузли мусобақалар иштирокчиси бўлган. Достон жорий йил робототехника йўналишида Singapore AUV Challenge ҳамда Туркияда бўлиб ўтадиган Technofest-2022 халқаро танловида иштирок этади.
Фазлиддин Рўзибоев.