33 нафар фуқаро ишлаш учун Қозоғистонга жўнаб кетди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Қозоғистон Республикаси иш берувчилари ўртасида пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш мақсадида олиб борилган музокаралар натижасида мамлакатнинг турли ҳудудларида мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилиб, уларга Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган эди.

Ушбу келишувга мувофиқ, ишчиларнинг биринчи гуруҳи - 33 нафар фуқаро 29 июнь куни “Ғишт Кўприк – Жибек Жоли” чегара пости орқали йирик қурилиш объектларида белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда ишлаш учун Қозоғистон Республикасининг Шарқий Қозоғистон вилоятига ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетди.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистон Президенти Ўзбекистон ва Қозоғистон меҳнат мигрантлари фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.

Мазкур ҳужжатда икки давлат ҳудудларида миграция оқимини тартибга солиш ва ноқонуний меҳнатнинг олдини олиш, шунингдек, келишувга биноан Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳамда Ўзбекистонда ишлаётган қозоғистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Қозоғистон Республикасига ишга кетаётган фуқароларга хорижда ишлаш даврида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган вақтда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган тарқатма материаллар тарқатилди.