5 май - Бутунжаҳон қўл гигиенаси куни
2008 йилдан бери БМТ Бош ассамблеясининг қарорига мувофиқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда ҳар йили Бутунжаҳон қўл гигиенаси куни ўтказилиб келинмоқда. Мақсад – тоза қўл саломатлик гарови эканлиги тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш.
Дарҳақиқат, қўлни тоза сақлаш - бу патогенлар тарқалишининг олдини олишнинг энг оддий ва самарали чорасидир. Вирус, бактериялар қўзғатадиган касалликлар биринчи навбатда қўл орқали юқиши мумкин, шу жумладан шамоллаш, грипп, вирусли гепатит, ичак инфекциялари ва бошқалар.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адан Гебрейесус яқинда Женевада бўлиб ўтган брифингда қўл ювиш коронавирус инфекциясини олдини олишнинг энг самарали усулларидан бири эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Доимий фойдаланиш учун антибактериал хусусиятга эга бўлмаган, оддий совунни афзал билиш тавсия этилади.
Унутманг, қўл гигиенаси – инфекцияларга қарши курашнинг асосий шартидир.
Қўлни:
▮ таом тайёрлашдан олдин ва тайёрлаш жараёнида;
▮ овқатланишдан олдин;
▮ касалманд кишига қарагандан кейин;
▮ тери яраси, жароҳатини даволашдан олдин ва кейин;
▮ ҳожатхонадан чиққач;
▮ ёш болани парваришлашдан олдин;
▮ йўтал, аксириш ва бурунни тозалагач;
▮ ҳайвонлар билан алоқада бўлгандан кейин;
▮ маиший чиқиндилар билан ишлашдан кейин;
▮ кўчадан уйга қайтгач ва ҳ.к. ювиш зарур.
Қўлларингизни тоза тутинг ва соғлом бўлинг!
Г.Холдорова тайёрлади.