550 сўмлик тухум 850 сўмга чиққанини ким изоҳлайди? Ёки 300 сўмлик шивитни 3 минг сўмга сотаётган бозорчининг юзини шувут қиладиганлар борми?

Нархи 550 сўм бўлган тухумнинг бирдан 850 сўмга кўтарилгани харидорлар эътирозига сабаб бўлди. Чунки маҳсулотнинг сотилиш баҳоси 10-15 фоизга ошишига одамлар аллақачон кўникиб қолишган. Лекин нархнинг қарийб 55 фоизга ортиши уларда норозилик уйғотди ва ранжиш аломати нома кўринишида ижтимоий тармоқларга кўчди. Афсуски, ҳали бирорта мутасадди нима сабабдан нарх кескин ўзгарганига тушунтириш бергани йўқ.

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Маҳсулот нархининг ўн фоизга эмас, бир баробарга ошиши ҳам мен дуч келган мисол олдида ип эшолмас экан.

Рўзғор учун ҳафтада бир бор – дам олиш куни хотин билан бозорлик қиламан. Хотинимни маҳсулотлар, мени уларнинг нархи қизиқтиради. Раста ёнида узоқ қолиб савдолашганим ёқмайди унга. Бозорда нархи тушиб турадигани фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – помидор, бодринг, пиёз, картошка ва шуларга ўхшаш. Маҳсулот кўпайиб қолса, деҳқонлар уларни сув текинга ҳам бериб юборишади.

Кўкатни кўпинча бозор эшиги ёнида ўтирадиган аёлдан оламан. Ярим йилча олдин учтаси минг сўмдан сотилган кўкатнинг донаси минг сўмга чиққани мени ажаблантиради.

- Иккитаси бир ярим минг сўмдан бўладими? – савдолашаман.

- Ўзим 900 дан олганман, - дейди бақалоқ хотин. Кейин, қизи бўлса керак, ёнида кўкатларни ипга ўраётган ўзига ўхшаш хўппа семиз қизга ўшқиради. – Катта боғламларини 3 га бўл.

Тармоқда таъмирлаш сабаб ичимлик суви бир кун бўлмаслиги эълон қилингани учун хотиним ҳовлиси бозор ёнида бўлган онасиникидан сув олиб келишни айтаркан, эринчоқлигимни яшириш мақсадида ишдан толиқиб келганимни рўкач қилдим. Эрта ишга боргунга қадар бу топшириқ бажарилиши мумкинлигини айтгандим, унга ҳам маъқул тушди.

...Сув баҳона, онасини кўриш имконияти пайдо бўлганидан руҳланган хотиним ҳамроҳлигида машинани қайнонам яшайдиган манзил томон бурдим. Тонг отиб келаётгани учун атроф ёришиб борарди. Бозор ёнидаги йўлакда деҳқонлар ўз маҳсулотларини сотаётганини кўрган хотинимнинг ёдига уйда сабзавот тугагани тушди. Машинани тўхтатдим.

Бозорнинг кириш дарвозаси олди йўлагининг икки томони сабзавоту кўкатлар солинган халта ва яшиклар билан тўла, тонгданоқ одам гавжумлиги мени ҳайрон қолдирди. Одми кийинишидан деҳқонлиги маълум ўрта ёшлардаги киши олдида турган ҳар хил кўкатлар солинган сумкалар эътиборимни тортди.

- Шивит қанча?

- 300 сўм.

- А?

Ажабланганимни бошқача тушунган бўлса керак, янада арзон қилишини айтди.

- Кўпроқ олсангиз 250 сўмдан бераман.

- Қимматлигидан эмас, арзон айтганингиз учун ажабландим, ака.  – дедим деҳқонга кўнглимга келганини яширмай. – Менга ҳар қайсисидан бештадан беринг.

Деҳқон шивит, шавел, петрушка, пиёздан бешта-бешта олиб, энди менга узатаман деганда, бир аёл келиб, унинг сумкаларига ёпишди.

- Ҳаммаси сотилган. Мен олдим ҳаммасини.

Бундай ҳолга кўп дуч келган бўлса керак, деҳқон аёлга эътибор бермай, менга кўкатларни узатди. Берган пулимни олиб, чўнтагига солгандан сўнг тўртта сумкани чангаллаб олган аёлга қаради.

- Қанчадан сотяпсиз?  - деди аёл деярли шанғиллаб.

- 300 сўмдан.

- Кўтарасига 200 сўмдан бераман.

- Бўлмайди.

- 250 сўмдан.

- …

- Бўпти. Кўтаринг сумкаларни. Ортимдан юринг…

Мен шунда бу аёлни қаерда кўрганимни эсладим. У ҳар якшанба куни мен савдолашадиган кўкат сотувчи аёл эди. Демак, ҳар бойлами билакча келадиган кўкатларни иккига, учга бўлиб, донасини бир ярим минг сўмдан бизга пуллайдиган чайқовчи. Мендан узоқлашаётган ҳалиги аёлга тикилиб, минг сўмдан беринг, деб савдолашганимда, ўзи 1400 дан олганман, деб ҳар гал бизларни лақиллатгани кўз ўнгимдан ўтаркан, бир бойлам кўкатдан у қанча фойда олишини ўйладим. 300 сўмдан олган тақдирда ҳам 3000 сўмга сотса, устамаси минг фоизни ташкил этади. Шунда миямга қизиқ бир фикр келди: бу аёл “Маҳсулот нархига энг кўп устама қўйган ноинсоф”, деган ном билан бемалол “Гиннеснинг рекордлар китоби»га кириши мумкин.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.