Абдумажид НУРҚУЛОВ, Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари: “Фаолиятини янгича йўлга қўйган фермер равнақ топади”
- Замон изланишни, янгиликка интилишни талаб қилмоқда. Энди фермер янгилик излаб, соҳанинг ютуқларини ўз фаолиятига олиб кирмаса, юқори ҳосилдорликка эришмаса, керак бўлса ўзи етиштирган маҳсулотни ўзи қайта ишламаса бирор натижага эриша олмайди.
Дала ишларида ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Фермер тўрт фаслда ҳам бирдай ишлаши, ишчиларини ортидан эргаштира олиши, уларга имконияти, қобилиятидан келиб чиқиб, иш тақсимлаши зарур. Ва, албатта, қўли остидаги юзлаб ишчи билан бирга қишлоқнинг мулкдори сифатида яна юзлаб кишини боқиши, рўзғор юритишини таъминлаши керак.
Бунинг учун фермердан фаолиятига инновацион лойиҳаларни жалб этиш, ишини янгича йўлга қўйиши, дунё билан бўйлашиш талаб этилади. Энди ана шундай фермер равнақ топади.