Адиз Бобоев 1-синфга қадам қўйган болаларга Президент совғасини топширди

Бугун вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида "Ватан учун, миллат учун, халқ учун" шиори остида «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 43-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди.

Вилоят раҳбари ўқувчи ва ўқитувчиларни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ва янги ўқув йили билан табриклаб, биринчи синфга қадам қўйган болажонларга «Президент совғаси»ни топширди.

- Муассасамизда 1630 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, - дейди 43-мактаб директори ўринбосари Фарангиз Дўстмуродова. - Уларга 76 нафар малакали ўқитувчи таълим-тарбия бериб келяпти. Ўтган ўқув йилида мактабимизни 70 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 30 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Жорий ўқув йилида эса 140 нафардан зиёд ўқувчи биринчи синфга қабул қилинди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда вилоятда 1272 та умумтаълим мактаби, 18 та ихтисослаштирилган мактаб, битта Президент мактаби ҳамда 46 та нодавлат таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда жами 777 мингдан зиёд ўқувчи таълим олмоқда.

Янги ўқув йилида эса вилоят бўйича 87 минг 380 нафардан зиёд бола биринчи синфга қадам қўйди.