Ҳуқуқий кўмак: Адлия - маҳаллада, адлия - уйингизда
Президентнинг жорий йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтган вақтда вилоятнинг 153 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги мингдан ортиқ хонадонга уйма-уй кирилиб, 220 дан зиёд ҳуқуқий муаммолар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар маҳаллабай ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
- Жараён самарадорлигини ошириш мақсадида “Адлия куни” тадбирлари жорий этилди, - дейди вилоят адлия бошқармаси ходими Мансур Ҳасанов. - Шунингдек, “Ҳуқуқий кўмак” акцияларида уйма-уй юрган ҳолда фуқароларнинг муаммолари, айни муаммонинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, шундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш учун қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳада маҳалла раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилиб, одамларнинг ҳуқуқий масалалари билан ишлаш, шу йўналишдаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва бартараф этишда қонунчиликда белгиланган талабларни тўғри қўллаш, адлия органлари билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича кўникмалар берилмоқда. Асосийси, машғулотлар амалий тарзда, адлия мутахассислари билан уйма-уй юрган ҳолда олиб борилади.
Ана шундай тадбирлардан бирида оқдарёлик 70 ёшли Намоз ота Каримов хонадонидаги 2 йиллик муаммо ҳал этилди. Аниқланишича, отахонинг кенжа келини икки йил аввал Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуаларидан бирида фарзанд кўрган, аммо гўдак кўп яшамаган. Боланинг ўлимини қайд қилиш жараёнида негадир она ҳам тириклар сафидан чиқариб қўйилган. Бу чалкашлик келин кейинги фарзандни дунёга келтирганида юзага чиққан. Шу кунгача уни ҳал қилиш бўйича қилинган ҳаракатлар самара бермаган. Адлия аралашуви билан ушбу хатолик тўғриланиб, фуқаронинг ҳуқуқлари тиклаб берилди.
“Фуқаро – маҳалла – адлия” тизими асосида вилоятдаги барча адлия идоралари тегишли давлат ташкилотлари билан биргаликда жойларда сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар ташкил этмоқда. Жумладан, Каттақўрғон тумани Найман маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда 20 нафардан ортиқ фуқаро субсидия, алимент, коммунал соҳа, кадастр, бандлик ва меҳнат муносабатлари, моддий ёрдам, ҳужжатларни тиклаш каби кўплаб масалаларда мурожаат қилди. Барча мурожаатлар қонун талабларидан келиб чиқиб ўрганилди ва назоратга олинди.
Уйма-уй юриш давомида биринчи навбатда ижтимоий дафтарлар ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, ўтган вақтда 239 нафар фуқарога ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилиб, жойларда 1,5 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Аниқланган муаммоларни ҳал қилиш баробарида судларга 273 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди. Тақдимномалар асосида 267 миллион сўмлик тўловлар ундириб берилди.