Адлия органларига қандай қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда?
Вилоят Матбуот уйида вилоят адлия бошқармаси томонидан Президентимизнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторовнинг таъкидлашича, фармон билан Адлия вазирлигининг қўшимча 4 та янги фаолият йўналиши белгилаб берилган. Жумладан, энди улар аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиш билан ҳам шуғулланади.
Айни жараённи самарали ташкил этиш учун ҳар ой маҳаллаларда “Адлия куни” тадбири, олис ҳудудларда ойига камида икки марта сайёр давлат хизматлари, уйма-уй юриш орқали “Ҳуқуқий кўмак” акциялари ўтказилади. Жойларда 2019 йилда ташкил этилган аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатувчи “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг 135 та бюроси ташкил этилади. Айни кунда вилоятимизда ташкилотнинг 12 та идораси фаолият юритмоқда.
Янги жорий қилинаётган “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси маҳалла раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмалари ошириш орқали жойларда қонун устуворлигини таъминлаш ва унинг устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни назарда тутади. Шу мақсадда маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” сифатида белгиланмоқда.
— Фармон билан Адлия вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг 4 та малака ошириш марказлари бирлаштирилиб, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилмоқда, - дейди вилоят юридик техникуми директори Ойбек Ширинов. – Шунингдек, бизнинг техникум ҳам лицейга айлантириляпти. Энди унда умумтаълим мактабининг 9-синфни битириб келган ёшларни ўқишга қабул қилиб, олий таълимга тайёрлаймиз. Мазкур лицей битирувчиларига олий таълим муассасасига ўқишга киришда имтиёз бериш масаласи кўриб чиқиляпти.
Ҳужжат билан адлия органларига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар ҳам берилди. Энди улар интеллектуал мулк соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириши, контрафакт маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлаши бўйича махсус ваколатли органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш ва аниқланган контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилиши мумкин.