Адолат тамойилини бузувчи иллат
Коррупция ҳар қандай жамият ривожига тўсиқ бўладиган, давлат бошқаруви ҳамда фуқароларнинг унга бўлган ишончининг сустлашишига олиб келадиган ижтимоий хавфли иллат. У жамиятда адолат тамойилларининг бузилишига сабаб бўлади.
Юртимизда бу иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб бориляпти.
Вилоят Қўриқлаш бошқармаси ходимлари иштирокида вилоят Ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилган давра суҳбатида ушбу қонун мазмун-моҳияти, шу жумладан, коррупцияга қарши курашишда фуқаролар ҳамда давлат хизматчиларининг вазифалари ҳақида сўз юритилди.
Қайд қилинганидек, коррупцияга қарши курашишга оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ушбу йуналишдаги ҳуқуқий муносабатларни қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини кўтаришга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Қўриқлаш бошқармасида айни мавзу юзасидан давра суҳбати ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам коррупцияга қарши курашишда бошқарма ходимларининг қатъий позициясини белгилаш ва тизимда коррупция, тамагирлик ҳолатларига чек қўйишдан иборат. Ўз навбатида ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришларига эришиш, бу орқали фуқароларни давлат сиёсати, хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини ошириш кўзда тутилган.
Мусурмон МУСТАФАЕВ,
вилоят ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия капитани.