"Afrosiyob" ва бошқа поездларга нега чипта етишмаяпти?
Ижтимоий тармоқларда йўловчи поездлар чипталари чайқовчилар қўлига чиқиб кетгани боис чиптахоналарда чипта қолмагани ҳақида хабарлар тарқалди. "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда поезд чипталарини чайқовчилар умуман олиб сота олмайди. Чунки, чипталар йўловчига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида ёзиб берилади ва темир йўл вокзалларига киришда йўловчиларнинг чипталари замонавий ускуналар билан текширилади.
Мамлакатда анъанавий тарзда нишонланадиган байрамлар, қишки таътил, қолаверса сайёҳлик мавсуми мобайнида темирйўл транспортига бўлган талаб ортмоқда. Темир йўл транспорти хавфсиз ва ишончлилиги боис, йўловчилар жўнаш муддатидан 1 ой ва ундан ҳам олдинроқ чипталарни харид қилишмоқда. Шу боис, байрамлар арафасида чипталар етишмаслиги кўпчиликда нотўғри тушунча уйғотмоқда. "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ томонидан имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар, қўшимча вагонлар ҳам қўйиб келинмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳар куни юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та "Afrosiyob" поездининг 12 та қатнови амалга оширилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларига эса 30 га яқин йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилган. Темир йўл транспорти орқали бир суткада 25 000 дан зиёд йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилмоқда. Йўловчиларга чипта харид қилишда қулайликлар яратиш мақсадида чипталарнинг электрон тарзда сотуви йўлга қўйилди.
Чипталарни ҳар қандай йўловчи uzrailwaystickets иловаси ҳамда chipta.railway.uz сайти орқали 45 кун олдиндан харид қилиб олиши мумкин.