Афсона: Ал-Иссо
Дунё яратилишидан бир неча асрлар олдин Ҳиндистоннинг марказида аҳолиси унча кўп бўлмаган қудратли бир халқ яшаган. Тарихда унинг номи ўчирилган, ҳатто муқаддас ҳинд адабиётининг энг қадимги ёдгорликларида ҳам бу халққа бирор ҳам сатр ажратилмаган. Аммо қадимги анъаналарни сақловчи серғайрат фақирлар бу халқнинг аждодлари шавқатсиз ва қўрқмас одамлар узоқ Ғарбдан келиб, қисқа вақт ичида бутун Ҳиндистонни ўзларига бўйсундирганини айтишади. Барча рожа ва тахтдорлар уларга ўлпон тўлар, асир қуллар эса уларнинг ерларига ишлов берарди. Улар на ўлим ҳашаматини ва на қўрқувни билар, шу сабабли енгилмас эди.
Ушбу кучли халқ “ўлим маъбудаси” деб номланган мавжудот – бир аёлга сажда қиларди. Кекса икки коҳинлардан бошқа ҳеч ким уни кўрмаган. Улар уни яширинча тўрт ёшга тўлмаган барча гўзал қизларнинг орасидан танлаб олиб, уни тарбиялашарди ва ажойиб усуллар билан унинг гўзаллигини ғайритабиий мукамалликка етказишарди. Агар бир ўлим маъбудаси вафот этса, икки коҳин дарҳол унинг ўрнига бошқасини тайинлаган. Аммо бу ҳақда улардан бошқа ҳеч ким хабардор бўлмаган. Оддий одамлар бу маъбуда қаримаслигига, ўлмаслигига ва унинг чиройи ҳеч қачон сўнмаслигига ишониб яшаган.
У беш йилда бир марта тунда ҳар томондан ёпилган, ўнта фил билан жиҳозланган улкан аравада ўз қасридан чиқарди. Бутун халқ қўлларида ёниб турган машалалар билан унга муқаддас мадҳиялар ўқиб, олқишларди.
Шу кечаларнинг бирида коҳинлар ва халқ томонидан ўлим маъбудаси учун қаллиқ танланарди. Лекин у фақат ўн икки соат унинг эри бўларди холос. Эрталаб у тантанали равишда гулханда қурбон қилинарди. Чунки бир марта маъбуданинг юзини кўрган киши қонунларга кўра, шубҳасиз, ўлимга маҳкум қилинган. Шунга қарамай, ҳар беш йилда ўн иккита норғул йигит ўзини бу маъбуда хизматига маҳкум қиларди. Синовлар шунчалик оғир эдики, ривоят ўлим маъбудасининг эри сифатида ўлган фақат тўртта қаҳрамон бу шарафга сазовор бўлганлиги ҳақида сўзлайди.
Чиройли ва қудратли Ал-Иссо ҳар қандай олижаноб гўзал қиз унинг рафиқаси бўлишини бахт деб билган зодагон рожанинг ўғли эди. Лекин у ўзини маъбудага бағишлашга қарор қилди. Йигит оиласидан воз кечди, у аёлларга қарамасдан, доимо ҳарбий жангларда юрар, ҳеч ким унинг кулганини кўрмаган эди.
Зирҳсиз, енгил кийимда у ўзини душман оломонига ташларди. Елкадан сонигача ёрилган таналар, чопиб ташланган қўл ва оёқлар унга йўл кўрсатар, у билан учрашиш ўлимга муқаррар эканлигини билган душманлари эса “Ал-Иссо”, “Ал-Иссо”, деб ундан қочишарди.
Ниҳоят, ўлим маъбудаси аравада юрган кунда жарчилар “Ал-Иссо” исмини тилга олишди. Унинг номи ҳамманинг оғзида эди ва ҳеч кимга кўринмайдиган ўлим маъбудаси ўз қасрининг махфий хонаси туйнугидан майдонга қараб турганини ҳамма биларди.
Икки юз тирсак масофани ўлчаб, ерга бешта ўқ билан қалқон киргизишди ва Ал-Иссога маҳобатли ёй беришди. Ал-Иссо бешта ўқ билан қалқондаги беш ўқни ҳам уриб туширди. Сўнгра уни эгри ханжар билан қуроллантиришди ва оч, ғазабланган Бенгал йўлбарсини майдонга қўйиб юборишди. Ал-Иссо оломон кўз ўнгида шавқатсиз йиртқичнинг бошини узиб, жасад устига оёқ қўйди.
Кейин ёвуз, ёввойи айғир отни олиб келишди. Кўзларидан олов, бурнидан тутун чиқиб турган тажовузкор от ҳеч қачон юк кўтармаган. Олти отбоқар уни аранг ушлаб турди. У ваҳшиёна чинқириб юборди, оловли кўзлари оломонга ғазаб билан қарар, шойи териси эса титраб туради.
Ал-Иссо хотиржамлик билан унга яқинлашди ва бир зумда уни эгарлаб олди. Аввалига мағрур ҳайвон ғазаб ва ҳақорат билан силкинди. Бир зумда от ва чавандоз одамлар кўзидан ғойиб бўлди. Бир соат ўтиб, ниҳоят чангга ботган, худди қўлда ўргатилган қўзичоқ сингари чарчаган итоаткор от устида Ал-Иссо пайдо бўлди.
Шу билан Ал-Иссонинг синовлари тугади.
Ярим тунда у қимматбаҳо кийимлар кийдирилиб, қасрга олиб кетилди. У қасрга яқинлашиб, кўчаларда оломоннинг шовқинини эшитди. Шу пайт ўлим маъбудаси оқ филлар қўшилган аравада шаҳарни айланиб чиқаётган бўларди.
Кейин қасрга сочлари қор каби оппоқ юз ёшли икки олий коҳин кирди. Улар Ал-Иссо олдида тиз чўкиб, унинг оёқларини ўпди, қўлларидан ушлаб, муқаддас жойга олиб боришди. У ерда шарқона ҳашамат орасида олтин тўшак турарди.
Исириқдонлар араб ва форс хушбўй ифорларини тарқатар, хушбичим чироқлар сеҳрли нур сочарди. Ранг-баранг муқаддас қушлар олтин қафасларда чайқалиб турар, деворларни ипак матолар қоплаб турарди.
Коҳинлар жимгина юзларини қўллари билан ёпиб чиқиб кетишди. Ал-Иссони бахтиёрлик ва ўн икки соат ўтгач, оғриқли ўлим кутарди.
Девордан нарида қаердандир аёлларнинг мулойим ва мароқли қўшиқлари эшитилди. Улкан фил суягидан қилинган эшиклар очилди ва узун оқ либосда ёпинчиққа ўралган ўлим маъбудаси секин кириб келди.
Ал-Иссо унинг олдига югуриб борди, титраган қўллари билан юзини ёпиб қўйган енгил матони очди ва даҳшат ҳамда ҳайратдан тошдай қотиб қолди...
Рўпарасида юзларига ажин тушган, тишсиз, кўзлари мунг ва нигоҳлари сўнган жирканч бир кампир турарди.
Александр КУПРИН.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.