Агар организмда рух моддаси етишмаса нималар истеъмол қилиш керак?
Ушбу савол бўйича АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова маълумот берди.
- Одам организмида рух, яъни цинк моддаси танқис бўлса, аввало, сезиш қобилиятлари — кўриш, ҳидлаш, таъм билиш издан чиқади. Бу эса ўз навбатида иштаҳа йўқолишига, овқат ҳазм қилишнинг бузилишига, шапкўрлик каби касалликларга олиб келиши мумкин.
Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгиларидир. Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши ҳам рух етишмаслиги туфайли келиб чиқади.
Касалликнинг олдини олиш учун таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни истеъмол қилишга одатланиш керак.
Узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғининг таркибида рух моддаси кўп.