Аҳолига газ ва кўмир етказишни ИИВ назорат қилади
- 06.11.2026 16:16
- 63
- Жамият
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида аҳолига газ ва кўмирнинг ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилиши, шунингдек, уларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик устидан назорат кучайтирилади.
Ички ишлар вазири А.Тошпўлатов иштирокида ўтказилган йиғилишда суюлтирилган газ баллонларини белгиланган график асосида етказиш, аҳолидан асоссиз тўлов талаб қилиш ва маҳсулотни меъёрдан кам бериш ҳолатларининг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир ойда кўмирни ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланиб, 333,5 тонна кўмир мусодара қилинган ва аҳолига етказилган.
Шунингдек, суюлтирилган газ билан боғлиқ 374 та қонунбузарлик аниқланиб, 9 139 та газ баллони ва қарийб 93 тонна суюлтирилган газ ноқонуний муомаладан олинган.
Масъулларга газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида назоратни кучайтириш, энергетика ресурсларини ташиш ва тарқатишда талон-торожликнинг олдини олиш вазифаси юклатилди.