Аҳолининг 30 фоизи оммавий спортга қамраб олинди, бироқ соҳадаги муаммолардан кўз юмиб бўлмайди

Вилоятда аҳолининг оммавий спортга қамровини ошириш, спортчиларни комплекс тайёрлаш, терма жамоаларга иқтидорли ёшларни етказиб бериш, юқори натижаларга эришиш, умуман, спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, тизимдаги ютуқ ва камчиликлар хусусида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмонов сўз юритади.

– Якунига етаётган йилда вилоятимизда аҳолининг оммавий спортга қамровини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди, - дейди Ж.Нурмонов. – Ўтган давр мобайнида 9300 дан зиёд оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 1,5 миллионга яқин аҳоли жалб этилди. Натижада аҳолининг спортга қамров даражаси 28 фоиздан 30 фоизга етди. 2026 йилда бу кўрсаткични 32 фоизга етказиш режалаштирилган ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни янада оммалаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Спорт синовлари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилмоқда

Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида 11 ёш тоифаси бўйича фуқаролардан «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари қабул қилинди. Спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талабларини бажариш учун маҳалла ва мактабларда спорт иншоотлари танлаб олиниб, иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажарди.

Жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача 471 минг 919 нафар, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача 18 минг 614 нафар, октябрь-ноябрь ойларида 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги 32 минг 452 нафар фуқаро спорт синовларини топширди. Кейинги босқичда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ушбу талабларни бажаради. Жисмоний тайёргарлик меъёрларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиёти жорий этилган бўлиб, my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизимига жойлаштирилмоқда.

Ушбу спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ғолибларга ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган амалий машғулотларда устунлик берадиган сертификатлар берилди.

Натижа қилиняпти, моддий-техник базалар яхшиланяпти

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 600 га яқин маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбирлари ўтказилди. Спортчиларимиз томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда 2796 та медаль қўлга қиритилди. Шу билан бирга, йил давомида 1288 нафар спортчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ва захира таркибига қабул қилинди.

Маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчи-ёшларни саралаб олиш мақсадида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумида 14–30 ёш тоифасида маҳалла ёшлари спортнинг 14 тури бўйича беш босқичдаги мусобақаларда беллашди. Мусобақаларда иштирок этиш учун “5tashabbus.uz” платформаси орқали 612 минг нафардан зиёд ёшлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг 581 минг 890 нафари беллашувларда фаол иштирок этди. Олимпиаданинг республика босқичида вилоятимиз спортчилари 19 та олтин, 14 та кумуш ва 9 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

15-17 ёшдаги спортчилар ўртасида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт ўйинларининг финал босқичи – «Президент олимпиадаси» мусобақаларида вилоятимиздан 10 спорт тури бўйича 222 нафар спортчи иштирок этиб, 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритди. “Спорт турлари географиясини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ҳудуд” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти ғолиб бўлди.

Тизимда ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланиб, бартараф этилмоқда. Спорт-таълим муассасалари ва спорт федерацияларида яқингача спорт жиҳозлари етишмас эди. Президентимизнинг “Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятдаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, спортчилар учун махсус спорт жиҳозлари ва кийимлар ажратилди. Хусусан, спорт муассасаларига 2 та бокс ринги, 10 та кураш ва гимнастика гилами тўпламлари, шунингдек, 6176 та тўп, дарвоза тўри, баскетбол савати, бокс шлеми, даян, теннис ракеткаси ва тўри каби спорт анжомлари ҳудудларга етказиб берилди. Спортчилар 13 минг 850 та махсус спорт кийимлари билан таъминланди.

Спорт иншоотлари таъмирланди

Вилоятда 189 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан 56 та спорт зали, 13 та сув ҳавзаси, 40 та футбол майдони ва 80 та спорт тури бўйича майдончалар бор. Бошқарма тасарруфидаги спорт иншоотларини таъмирлаш, барпо этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан,  “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳридаги 2-спорт мактабида енгил конструкцияли метр спорт зал ва ёрдамчи бинолар ҳамда якка кураш спорт турларини ривожлантириш учун Таэквондо wт  спорт зали қурилди.

Каттақўрғон шаҳар спорт мактабига қарашли Каттақўрғон маҳалласидаги “Кончилар ўйингоҳи”да янги спорт зал барпо этилди. Ҳайдарчаман маҳалласи ҳудудидаги стадион ўриндиқлари таъмирланди.

Вилоят сув турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби сузиш ҳавзаси (Дельфин) таъмирланиб, Оқдарё туман спорт мактабига қарашли Тортувли қишлоғига енгил конструкцияли замонавий спорт зал қурилди. Нарпай тумани спорт мактаби ҳудудидаги футбол ўйингоҳида сув тармоғи тортилди, югуриш йўлакларини резина каучук билан қоплаш ҳамда сунъий қопламали мини футбол майдонини янгидан қуриш ишлари бажарилди.

Бугунги кунда таъмирталаб аҳволга келган бир қатор спорт объектларида муаммолар мавжуд. Жумладан 2026-йилда 4 та ана шундай спорт объектида янги қурилиш, 5 тасида реконструкция, 3 тасида мукаммал тамирлаш ишлари режалаштирилган. Қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал тамирлаш ишлари манзилли рўйхат ва дастурлар асосида бажарилади.

Паст натижа кўрсатаётган спорт муассасалари билан ишлаймиз

Вилоятда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш борасида ҳудудларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси”, вилоят чемпионати ва очиқ турнирларда эришилган натижалардан кўриш мумкинки, олис ҳудудларимизда ҳам иқтидорли спортчиларимиз сони кўпаймоқда. Аммо натижалар ҳамма ҳудудда ҳам биз кутгандек эмас. Шу сабабли аввало тренер-мураббийлар малакасини ошириш керак. Айни вақтда Тойлоқ, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларидаги спорт мактабларида мураббийлар малакасини ошириш, ушбу муассасаларда тажрибали тренерлар сонини кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Профессионал спортчиларни тайёрлаш ва уларни терма жамоаларга етказиб бериш мақсадида вилоятда иккита Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолият олиб бормоқда. Республикамизнинг аксарият ҳудудларида бундай марказлар сони битта ва бу борада вилоятимиз  етакчи. Аммо бугун марказларимиз талаб даражасида фаолият юритяпти деб бўлмайди.

Мисол учун, яқинда ўтказилган “Президент олимпиадаси” мусобақаларида 500 га яқин медаль учун қизғин баҳс олиб борилди ва уларнинг 136 таси олтин медаль эди. Афсуски, Тойлоқ олимпия маркази жамоаси бирорта спорт тури бўйича олтин медални қўлга киритмади. Албатта, эндиликда марказ фаолиятини янада ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, машғулотларни сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.