“Ал-Қоида” етакчиларидан бири йўқ қилингани ҳақида маълум қилинди

Уч ой олдин Эронда Ал-Қоида (Ўзбекистонда тақиқланган) гуруҳи етакчиларидан бири Абдулла Аҳмед Абдулла йўқ қилинган. Бу ҳақда 14 ноябрь куни “The New York Times” нашри АҚШ разведка хизматидаги манбаага таяниб хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Абу Муҳаммад ал-Масри лақабли Абдуллоҳ 7 август куни АҚШ номидан иш олиб борган Исроил разведкаси томонидан Теҳронда отиб ўлдирилган. Шунингдек, унинг қизи, ал-Қоида асосчиси Усама бен Ладеннинг ўғли Ҳамзанинг беваси Мирям ҳам ўлдирилган.

Нашр манбаасининг таъкидлашича, Абдулла 2003 йилдан буён Эрон ҳудудида бўлган ва 2015 йилдан ушбу мамлакат пойтахтида яшаган. Қўшма штатларда у Кения ва Танзаниядаги Америка элчихоналарига уюштирилган террорчилик ҳаракатларида гумон қилинган. АҚШ ФҚБ уни қидирув эълон қилинган ўта хавфли террорчилар рўйхатига киритган. Абдулла тўғрисида маълумот учун 10 миллион АҚШ доллари мукофот ваъда қилинган эди.