Али Қушчини қанчалик биламиз?
Таълим муассасаларида унинг мероси нега ўргатилмайди?
Бундан беш йил бурун кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар Самарқанд давлат университети олимлари, ёш тадқиқотчилар билан учрашувда жаҳоннинг нуфузли илмий даргоҳларида фаолият юритаётган олимлар хулосасига кўра, инсоният тамаддуни, дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган етти аллома сафида Али Қушчининг ҳам борлигини эътироф этганди.
Асли Туркияда туғилиб вояга етган бўлса-да, 50 йилдан ошиқ вақт Америкада яшаб, бугун Шимолий Каролина университети профессори сифатида жаҳоннинг манаман деган илмий мутахассислари билан ҳамкорлик қилиб келаётган олимнинг бу гапи учрашувда ўтирган кўпчилик каби мени ҳам ажаблантирганди.
Чунки «Мирзо Улуғбекнинг шогирди бўлгани, устозидан мерос қолган айрим асарларни сақлаб қолгани» билан боғлиқ маълумотларни ҳисобга олмаганда, Али Қушчи ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим. Биз мактабда ёки олий ўқув юртида ўқиган даврлар дарсликларга бу олим ҳақида таржимаи ҳолидан бошқа нарса киритилмаган эди-да.
Афсуски, бугун ҳам ёш авлод «Ўз даврининг Батлимуси» (Птоломей – қадимги юнон мунажжими) деб танилган Али Қушчи ҳақидаги муҳим маълумотлар – унинг математика, астрономия, география, фалсафа, ҳуқуқ, илоҳиёт ва тиббиёт билимдони эканлигидан бехабар катта бўлишмоқда.
Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг таъкидлашича, Али Қушчининг ҳаёти, фаолияти, қолдирган илмий мероси мактаб дарсликларига алоҳида мавзу сифатида киритилмаган ва табиийки, ўқув режада ҳам йўқ. Фақатгина Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романи мавзуси қаҳрамонлари доирасида Али Қушчи содиқ шогирд сифатида қисман эслаб ўтилган, холос.
Ҳатто олий таълим муассасалари ўқув дастурларида ҳам Али Қушчи тилга олинмайди ҳисоб. Атиги тарих йўналишида таҳсил олувчи талабаларга темурийлар даври мавзуси доирасида Улуғбек раҳнамолигида камол топган астроном эканлиги қисқача баён этилган.
Али Қушчи мероси анча йиллардан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Туркия, Европа давлатлари, АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитилаётган бир пайтда бизда унинг асарларини, илмий изланишларини оммалаштириш, бу меросдан аҳолимизни кўпроқ хабардор қилишга аҳамият берилмаётгани ажабланарли эмасми?
Тўғри, илмий конференциялар, халқаро анжуманларда олимлар томонидан Али Қушчининг Мирзо Улуғбек илмий мактабининг буюк вакили сифатида устозлари меросини сақлаш, уни авлодларга етказиш борасидаги хизматлари онда-сонда ўрганиляпти, муҳокама қилиняпти. Аммо бу дунё олимлари тарафидан тан олинган аллома юртдошимизнинг адабий, илмий меросидан халқимиз хабардор эканлигини англатмайди.
Али Қушчининг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасининг дунёвий аҳамиятини ҳис қилишингиз учун интернет саҳифаларидан олинган қуйидаги маълумотларни келтириш жоиз:
Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсган ва ХV асрда илмий фаолият билан шуғулланган математик ва астроном сифатида ном қозонган. У Улуғбек саройидаги Муҳаммад исмли овчи - қушларга қаровчи кишининг ўғли бўлиб, шу сабабли унга Қушчи лақаби берилган. Отасидан етим қолганидан сўнг уни Улуғбек ўз тарбиясига олади ва «Зиж»ининг сўзбошисида «фарзанди аржуманд», дейди.
Бошланғич билимларни Самарқанд олимларидан олган Али Қушчи кейинчалик математика ва астрономия фанлари ҳақидаги билимларни Қозизода Румий ҳамда Улуғбекдан ўрганади.
Улуғбек 1424 йилда ўзининг машҳур расадхонасига асос солгач, иш бошланган дастлабки йилда Жамшид Коший, бир неча йилдан сўнг Қозизода Румий вафот этади. Шунда Улуғбек расадхонадаги қурилиш ишларига ва астрономик кузатишларга ёш олим Али Қушчини мутасадди қилади.
1449 йилда Улуғбек ўлдирилгач, мирзолар ўртасида рўй берган низодан афсусланган Али Қушчи бу ердаги илмий ишларни тўхтатишга мажбур бўлади ва Ҳаж сафарига отланади. Озарбайжонга етиб бориб, бироз муддат Табризда яшайди.
Табризда уни маҳаллий ҳоким Узун Ҳасан ўз саройига таклиф қилиб, унга катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатади (Али Қушчининг Ҳаж амалларини бажарган ёки бажармагани ҳақида маълумот мавжуд эмас).
Сафари давомида Али Қушчи усмонли султон Абул Вотиҳ Султон Муҳаммад II нинг саройига боради. Султон уни жуда илиқ қабул қилиб, ўзига яқин тутади, доимий яшаш учун Истанбулда қолишни таклиф этади. Али Қушчи бу таклифни қабул қилади ва султоннинг рухсати билан яна Табризга қайтиб бориб, у ерда турган икки юзга яқин қариндош-уруғлари ва яқинларини Истанбулга олиб келади. Султон унинг қариндошларини ҳам иззат-икром билан кутиб олади.
Али Қушчи 1472 йилда кундалик 200 ақча мояна билан Ая София мадрасасига бош мударрис этиб тайинланади.
Али Қушчининг туғилган йили номаълум бўлса-да, вафот этган санаси аниқ. Бу сана унинг қизи тарафидан набираси Мирам Чалабийнинг қуйидаги мисраларида келтирилган: «Илм-фан раҳнамоси мавлоно Али Қушчи Жаннат гулзори сари юзланган вақт ҳижратдин саккиз юз етмиш тўққизинчи йил, шанба, шаъбоннинг еттинчи куни». Ҳижрий 878-сана, мелодий 1474 йил 17 декабрга тўғри келади. У Истанбулдаги Абу Айюб Ансорий мақбарасида дафн этилган.
Али Қушчининг илмий асарлари Улуғбек «Зиж»идек шуҳрат қозонмаган бўлса ҳам, унинг ижоди фан тарихида муҳим ўрин тутади. У ўрта асрлардаги Мовароуннаҳрда ривож топган аниқ фанлар соҳасидаги буюк олимларнинг энг сўнгги намояндаси, усмонли турклардаги биринчи энг йирик ва кўзга кўринган олим бўлган. Ҳозирги замон турк тарихчиларининг эътироф этишича, Али Қушчи келгунига қадар Истанбулда «Илми ҳайъатда у даража бир соҳиб вуқуфи мавжуд бўлмаган эди».
Чунки Али Қушчининг Истанбулга келиши билан бу мамлакатда астрономия фани соҳасидаги ишлар йўлга қўйилди, Мирам Чалабий каби бошқа атоқли олимлар вояга етди. Шунингдек, унинг Истанбулга келиши нафақат усмонли турк фани тарихида, балки дунё фанида муҳим бир воқеа бўлди. Сабаби, усмонли турклар 1453 йил Истанбулни фатҳ этганидан сўнг бироз ўтмай, бу шаҳар Шарқ ва Ғарб маданиятларининг учрашув жойига айланганди.
Ўша даврда Европада Шарқ фани ва маданиятига қизиқиш катта бўлиб, европаликлар Шарқ халқларининг илмий ютуқларини чанқоқлик билан ўзига сингдираётган эди. Истанбулда Италия, Германия, Австрия ва Голландиядан рассомлар, муҳандислар, ҳарбий мутахассислардан ташқари, астрономия ва математика мутахассислари ҳам тўпланган.
Хусусан, биринчи бўлиб Самарқанд олимларининг ютуқларидан Германиядан келган ҳисобдон «коссистлар» баҳраманд бўлишди. Шу тариқа Улуғбек ва унинг «Зиж»и ҳақидаги хабарлар мелодий ХV аср охиридаёқ Европага тарқалди. Бунда Али Қушчининг хизмати беқиёс.
Бугун Али Қушчи асарларининг асл нусхалари – қўлёзмалари, шарҳлари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтидан ташқари, Туркия, Эрон, Россия, Англия, Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, Тожикистон, Татаристоннинг миллий, йирик илмий даргоҳлари кутубхоналарида, нуфузли музейларида сақланмоқда.
Али Қушчи қаламига мансуб асарлар рўйхати:
- «Рисола фи-л-ҳисоб» («Ҳисоб ҳақида рисола»). Асар форс тилида 1425 йили Самарқандда ёзилган. У уч қисмдан иборат: ўнлик ҳисоблаш тизими, олтмишлик ҳисоблаш тизими ва ҳандаса.
Бу рисола Ўрта асрларда кенг тарқалган бўлиб, нафақат Мовароуннаҳр олимларининг, балки бутун Яқин ва Ўрта Шарқ олимларининг диққатини ўзига жалб этган. 150 йил ўтгач, мазкур рисоладан Баҳоуддин Омулий (1547-1621) ўзининг «Хулосат ул-ҳисоб» номли асарида фойдаланган.
- «Рисолаи қусур» («Касрлар рисоласи»). Бу асар ҳам Самарқандда форс тилида 1426 йилда ёзилган. Рисоланинг қиммати шундаки, унда Али Қушчи ўнлик касрлар тушунчасини ва ўнлик касрлар ёрдамида иррационал квадрат илдиз чиқариш усулини баён этади.
- «Рисола ат-фатҳия» («Ғалаба рисоласи»). Асар турк султони Муҳаммад II нинг Ироқ султони Азим устидан ғалаба (фатҳ) қилгани муносабати билан 1473 йил Истанбулда ёзилган ва астрономияга бағишланган.
- «Рисола ал-Муҳаммадия фи-л-ҳисоб» («Ҳисоб ҳақида»). Асар арабий имлода ёзилган ҳисобга доир энг нодир асарлардан бири бўлиб, турк султони Муҳаммад II га бағишланган. Унда ўнлик ва олтмишлик ҳисоблаш тизимларидан арифметика, алгебра, геометрия ва тригонометрия масалалари ёритилган. Асарни муаллифнинг ўзи 1472 йили форсийга ўгирган. Асарда биринчи марта «мусбат» ва «манфий» иборалар ҳозир биз қўллаётган маънода ишлатилади.
- «Рисола фи ҳалла аш-шакл ал-ҳилол» («Ҳилолсимон шаклларни ўлчаш ҳақида рисола»). Араб тилида ёзилган рисола бўлиб, қўлёзмаси сақланмаган.
- «Шарҳи Мифтоҳал-улуми Тафтазоний» («Тафтазонийнинг «Мифтоҳ ал-улум»ининг шарҳи»). Форс тилида ёзилган рисола. Унга Қозизода Румий шарҳ ёзган.
- «Рисола дар илми ҳайъат» («Астрономия илми ҳақида рисола»). Асар «Рисола дар фалакиёт», «Рисолайи форция дар ҳайъат» ва «Ҳайъати форсий» номлари билан ҳам маълум бўлиб, форс тилида битилган. Рисолада Самарқанд мактаби олимларининг астрономия соҳасида эришган ютуқларидан гувоҳлик берувчи қатор маълумотлар мавжуд. Али Қушчининг шогирдларидан бири Абулқодир ибн Ҳасан Рўёний (вафоти 1520 йил) рисола ҳақида бундай дейди: «Мен астрономияга доир кўп асарларни ўргандим, Шамсиддин ал-Коший, Ҳусайншоҳ Самоний, Носири Шерозий ва Алишоҳ Хоразмийларнинг «зиж»ларини синчиклаб мутолаа қилдим. Лекин Али Қушчининг рисоласини ўқиганимдан сўнг астрономия соҳасидаги барча англамаган нарсаларим менга аён бўлди».
- «Шарҳи Зижи Улуғбек» («Улуғбек «Зиж»ига шарҳ»). Шарҳ ҳам «Зиж»нинг ўзи каби форс тилида ёзилган. Уни аввал Жамшид Коший ва Қозизода Румийлар бошлаган эди. Сўнг шарҳни Али Қушчи Истанбулда якунлади.
- «Шарҳи рисолаи «Туҳфаи шоҳия» («Шоҳий туҳфа» рисоласининг шарҳи»). Машҳур математик ва астроном Қутбиддин Шерозийнинг (вафоти 1311 йил) рисоласига шарҳ.
- «Шарҳи рисолаи Суллам ас-само» («Суллам ас-само» рисоласига шарҳ»). Бунда Али Қушчи ўзининг Самарқанддаги устозларидан бири Жамшид Кошийнинг «Суллам ас-само» номли астрономик рисоласига шарҳ берган.
- «Хитойнома». Бу рисолани Али Қушчи 1438 йил Улуғбек томонидан Хитойга элчиликка юборилганида қайтганидан сўнг форс тилида ёзган. У ўзининг шахсий кузатишларига кўра, Хитойнинг иқлими, табиати, хитойликларнинг урф-одатларини баён этган. Ундан ташқари, бу асарда математика, география билан бирга олам харитаси ҳам келтирилган.
- «Рисолаи мантиқ». 1430 йил Самарқандда, форс тилида ёзилган рисола.
- «Шарҳи тажвиди Хожа» («Хожа «Тажвиди»нинг шарҳи»). Асар машҳур астроном, математик ва файласуф Хожа Насириддин Тусий (1201-1274) нинг фалсафасига доир «Тажвид» номли асарига шарҳдан иборат. Уни бўлажак олим 1417 йили Кермондалигида ёзган бўлиб, унинг қаламига мансуб илк асар эди.
- «Рисола ал-Муфрадия». Араб тилидаги рисола, мантиққа бағишланган.
- «Маҳбуб ул-ҳамойил фи кашфил масойил» («Масалаларни ҳал қилишнинг маҳбуб бўлганлари ҳақида»). Рисола араб тилида ёзилган бўлиб, 20 бобдан иборат. Ҳар бир боб алоҳида фанга бағишланган.
- «Рисола мутаъоллиқа би калимат ат-тавҳид» («Тавҳид калимасига алоқадор рисола»). Араб тилида ёзилган илоҳиётга доир рисола.
- «Рисола татаъллақ би куия» («Умумиятга алоқадор рисола») араб тилида ёзилган фалсафий асар.
- «Рисола ал-истиорот». Араб тилида ёзилган мантиққа доир рисола.
- «Шарҳ ар-рисола ал-Азудия» («Ал-Азудия» рисоласига шарҳ»). «Ал-Азудия» рисоласи аслида Иззиддин ибн Абдураҳим ибн Аҳмад Ижий (вафоти 1335 йил) томонидан араб тилида ёзилган бўлиб, уни Али Қушчи шарҳлаган. Рисола тилшуносликка мансуб.
- «Ал-унут ва заваҳир фи назмил жавоҳир». Араб тилида ёзилган мантиқий рисола.
- «Рисола ал-мужас фит-тибб» («Тиббиётга мансуб мўъжаз рисола»). Араб тилида ёзилган.
- «Шарҳ рисола ал-фиқҳ» («Фиқҳ ҳақидаги рисоланинг шарҳи»). Бу асар исломдаги тўрт мазҳабдан бири бўлмиш Имоми Аъзам мазҳабига асос солган машҳур имом Абу Ханифа Нуъмон ибн Собит томонидан ёзилган «Ал-фиқҳ» рисоласига шарҳдир. Асар араб тилида ёзилган ва ислом ҳуқуқшунослигига тааллуқли.
- «Рисола фи ҳалл ал-мисол ал-ҳандаса» («Геометрияга доир бир масаланинг ечилиши ҳақида рисола»). Араб тилида ёзилган бу асарда муаллиф айланага ўтказилган уринма ҳосил қилган бурчак ҳақида бир теоремани исботлайди.
Булардан кўринадики, Али Қушчи бутун умрини илм-фанга бағишлаган. Али Қушчининг улуғ хизмати шундаки, у Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний»сини тахт учун бўлган талотўплардан омон асраб, Туркияга олиб боришга, ундан Европа, қолаверса, жаҳон халқлари баҳраманд бўлишига замин ҳозирлаган. Самарқанд илмий-адабий муҳитининг қудрати ва салоҳиятини дунёга ёйган. Ўз навбатида, ўнлаб ноёб асарлар ёзиб, номини тарих саҳифаларига киритишга муваффақ бўлган.
Шундай экан, бу аллома юртдошимизнинг ҳаёти ва ижоди, илмий мероси таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-талабаларга кенг миқёсда ўргатилса, фойдадан холи бўлмаса керак.
Абдуғофур Шeрхолов.