Алиментдан 55 миллион сўм қарзи бўлган қидирувдаги шахс ушланиб, қамоққа олинди

Гап Мажбурий ижро бюросининг Оқдарё туман бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг қарорига асосан олиб борилаётган ижро ҳаракати ҳақида бормоқда.
Қарорга кўра, МИБга қарздор У.Б.дан ундирувчи И.С. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Маълум бўлишича, қарздор ота анчадан буён алиментдан қарзини тўламаган, оқибатда қарзи 55 млн. сўмдан ошиб кетган. Бунинг устига у номаълум ҳудудда яшириниб келган. Шу боис, бошқарманинг қидирув бўлими томонидан унга нисбатан қидирув ҳаракатларини олиб борган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида, бошқарманинг қидирув шуъбаси вилоят ИИБ жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказиб, қидирувдаги шахсни ушлаган ва кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун давлат ижрочисига топширган.
Ушбу қидирувдаги шахс ўз фарзандлари таъминотидан қочганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 47-(4)-моддаси билан унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.