Алиментнинг ойма-ой тўлаб борилиши онлайн назорат қилинади

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг уч ойида алимент тўловларини ундириш ва оилаларни яраштириш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

Бюро ходимларининг таъкидлашича, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 640 нафар ишсиз алимент тўловчилар ишга жойлаштирилган.

- Бугунги кунда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар нафақат вилоятимизда, балки республика миқёсида долзарб ва ечимини кутаётган масалалардан бири, - дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фозил Файзиев. - Жорий йилнинг ўтган 3 ойида амалга оширилган тадбирлар натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 21 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилиши таъминланди. Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида ўтган уч ойда 1961 та оила яраштирилди.

 Ҳозирда вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилган. Бу орқали алиментларни етказишдаги почта харажатлари тежалмоқда, яъни ундирувчи алимент пулини ҳеч қандай ушланмаларсиз тўлиқ олиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, алиментларни ойма-ой, сўзсиз тўлаб борилишини онлайн назорат қилиш имкони яратилди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелига қадар бюронинг вилоят бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари иш юритувидаги алимент ундируви билан боғлиқ 30 мингдан ортиқ алимент олувчилар номига пластик карта очиш учун электрон аризалар тақдим қилинган. Ҳозиргача қарийб 23 минг алимент олувчи номига пластик ҳисоб рақамлар очилиб, банк филиалларига чиқарилган. Улар номига очилган 20 мингдан ортиқ банк пластик карталари эгаларига тарқатилган. 

Шунингдек, бошқарманинг қидирув шўъбаси томонидан 226 нафар қарздорга нисбатан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида 154 нафари топилган, 72 нафар қарздорни топиш юзасидан қидирув тадбирлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 267 нафар қарздорлар маъмурий, 35 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.