Алишер Қодиров мактаблардаги бир қатор камчиликларни санаб ўтди

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг депутатлари томонидан жойларда умумтаълим муассасаларини эпидемиологик мураккаб вазиятда очиш учун тайёргарлик даражасини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Миробод, Яккасарой, Чилонзор ва Учтепа туманларидаги айрим умумий ўрта таълим муассасаларидаги аниқланган қуйидаги камчиликлар бўйича кенгашга хулоса киритишга тайёргарлик кўрмоқда.

— Ҳокимликларга мактабларни дезинфекция воситалари билан таъминлаш вазифаси юклатилган. Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу топшириқ мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ҳомийлар зиммасига юкланмоқда;

— Туман СЭО марказлари томонидан мактабларда ўрганишлар олиб борилмаяпти. Кўп мактабларда тиббиёт хоналари ва изоляторлар жиҳозланмаган. Ҳамширалар ва шифокорлар бириктирилмаган;

— Мактабларда кириш йўлаклари ташкил этилмаган, йўналиш схемалари чизилмаган, синфхоналарда ижтимоий масофа сақлаш бўйича кўрсатмалар талаб даражасида ташкил этилмаган;

— Анъанавий режимда ўқиш истагини билдирганлар кўп. Мактаблардаги кўп синфхоналар карантин талабларига мосланмаган;

— Ўқитувчилар ва мактаб ходимларини COVID-19 тестидан ўтказиш ишлари якунига етказилмаган;

— Тиббий ниқобларни утилизация қилиш учун алоҳида урналар билан таъминланмаган.

Ўрганишлар барча ҳудудлардаги депутатларимиз томонидан олиб борилмоқда. Фарзандларимиз хавфсизлиги масаласида эътиборсизлик жиноят, деб баҳоланиши керак.

Алишер ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси.