“Қадриятларга таянган тараққиёт”
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Алишер Қодиров самарқандлик сайловчилар билан учрашди.
Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” маданият саройида видеоанжуман тарзида ўтган тадбирда партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, нуроний отахон ва онахонлар, ҳунармандлар, спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, кўп сонли сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили Акбар Ахтамов йиғилганларни Алишер Қодировнинг таржимаи ҳоли билан таништирди ҳамда юртдошларимизни сайловда фаол иштирок этишга ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Президентликка номзод Алишер Қодиров иштирокчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирар экан, тарбия ва таълим, маънавият ва маърифат “Миллий тикланиш” демократик партиясининг энг устувор вазифаларидан эканини, сайловолди дастур айнан ушбу вазифалар асосига қурилганини таъкидлади.
Номзоднинг сайловолди дастури 5 та асосий йўналиш, жумладан, тарбия ва таълим, давлат бошқаруви, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш, ташқи сиёсат соҳасини қамраб олган. Шу маънода партия ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” шиори остида аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия узлуксизлигини таъминлаш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларни устувор билади.
– “Янги авлод” Давлат дастури қабул қилиниб, “Оила – боғча – мактаб” ягона тизимга бирлаштирилади, – деди А.Қодиров. – Боғчалар давлат қарамоғига олинади. Тарбиячиларнинг иш ҳақи оширилади, боғча гуруҳларида болалар сонини 15 нафардан оширмасликка эришилади. Мактабларда бошқарув, ўқитувчига муносабат ва тарбия-таълим ишлари тубдан ўзгартирилади. Ўқитувчиларга иш ҳақи камера кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгиланади. Бунда энг яхши дарс берган ўқитувчи юқори, сифатсиз дарс берган ўқитувчи кам маош олади. 10 йил ва ундан ортиқ вақт ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган педагогга ойлик маошининг 50 фоизини устама сифатида қўшиб бериш тизими жорий этилади. Шунингдек, ўқитувчиларга 50 ёшдан нафақага чиқиш ҳуқуқи берилади.
Учрашувда Алишер Қодиров сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Тадбирда турли соҳа вакиллари ҳам сўзга чиқиб, номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва иштирокчиларни сайловда Алишер Қодировга овоз беришга чақирди.