Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Америка орзуси:  Ҳашамат учун қочқинликни истаётганлар

Бир неча давлатдан сўнг Мексика, ундан сўнг турли чакалакзорлару ботқоқликлар, дарё кечиб ўтишга интилиш – бугун бу саёҳат сафари эмас, Америкага бориш усулларидан бири сифатида талқин этилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли видеолавҳалар бундай воқеликларнинг ўндан биринигина ифодалаб беряпти. Бу сафарларда не қийинчиликларни бошидан ўтказаётган юртдошларимиз маълум муддат мақсадларига етиб, ўзлари истаган “сеҳрли диёр”га эришиб борар, ишга жойлашар. Аммо ундай бўлмаса-чи? Нега кўпчилик бир неча ўн минг АҚШ доллари эвазига номаълум ҳаётни танламоқда?

Афсуски, Америкага ноқонуний жўнатиш билан шуғулланувчи фирибгарлар, уларнинг қўлга тушиши, қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган турли видеолар ҳам кўпчиликни бу таваккал ишдан тўхтатиб қолмаяпти.

Баъзилар ушбу видеоларни кўриб, таваккал қилиш ҳаётини хавфга қўйиш эканлигини англаб етаётган бўлса-да, аммо фирибгарларнинг сўзларига учиб, катта миқдорда пул сарфлаётганлар ҳамон бор. Америкага бориш ҳар доим ҳам турли йиллар ва ҳатто асрларда ҳам мигрантларни қизиқтириб келган. Шунинг учун ўтган асрларда ҳам ушбу мамлакатга турли хатарларни бўйнига олиб борувчилар бўлгани ҳақида эшитганмиз. Лекин бу таваккалчилик катта маблағ эвазига бўлмаган. Аммо юртдошларимиз оз эмас, кўп эмас, бир неча ўн минглаб АҚШ доллари ҳамда ҳаётини тикиб, бу ишга бел боғлаши қанчалик мантиқли?

Маълумотларга кўра, у ерда ўз яқинларини йўқотган, Америкагача етиб бормай, яқинларидан айрилган ёки ўзи касалланиб, сарсонгарчиликларни бошидан ўтказаётган юртдошларимиз бор. Яқинда ҳамкасбларимдан бири қариндошлари Мексика орқали Америкага кетгани, улардан хабар кутиб ўтирганини айтиб қолди. 

Хориж оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Мексиканинг Америка билан чегарадош ҳудудларидан бирида йилига юзлаб одамларнинг мурдалари йиғиб олинади ва тегишли тартибда шахси аниқланиб, ўз юртига жўнатилади. Бугун ушбу ҳудудларда турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан мигрантларга йўл кўрсаткичлар, чакалакзору ўрмонларда махсус белгилар қолдириш, телефон рақамлари ёзилган табличкалар илиш каби юмушлар ўргатилади. Сабаби, айнан Мексиканинг хавфли ҳудудларидан Америкага боришни истовчилар дунёнинг кўплаб мамлакатларидан топилади ва улар орасида шу йўлни танлаётганлари ҳамон кўп.

Дарвоқе, Америкага Мексика орқали ўтгач, фуқаролар қандай ҳолатга дуч келишади?

- Ўзбекистонда АҚШга визани расмийлаштириш имкони йўқ, - дея гапириб беради бу ҳақда исми сир тутилишини сўраган самарқандлик аёл. - Мен АҚШга Мексика орқали, чегарадан ўтиб бориш мумкинлигини эшитдим. Мексикага ҳужжатлар Москвада расмийлаштирилар экан. Уч кундан сўнг ҳужжат расмийлаштириш учун Москвага учдим. Виза тайёрлашга ёрдам берадиган инсон билан мени таништиришди. Аввалига Мексикага бориш учун виза тайёрлаш ҳаракатини бошладим. Ёрдам берадиган инсон бир пакет ҳужжатларни тайёрлаб, мени Япония элчихонасига жўнатди. Менга япон визаси беришни рад этишди. Шундан сўнг бу одам ҳужжатларимни тайёрлаб, Гватемала элчихонасига жўнатди. Мен Гватемалага виза олдим ва Москвадан Гватемалага учдим. У ерда 2-3 ҳафта қолдим. Гватемаладан автобусда Мексикагача етиб бордим. 2018 йилнинг 24 мартида чегара орқали Мексикадан АҚШга ўтдим. АҚШда мени қамоқхонадан 2018 йилнинг 27 апрель куни Тейлор, Техасда қўйиб юборишди.

Бу бир аёлнинг тақдири. Дарвоқе, унинг АҚШ ҳукуматига бошпана сўраб ёзган аризаси тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда экан. Яъни, чегарадан ноқонуний ўтиб, Америкада яшаш истагида бўлганларнинг катта қисми бошпана сўраб, мурожаат қилади. Бу масалалар билан албатта, адвокат шуғулланади. Энг қизиғи, аёлнинг мурожаатидаги баъзи фикрларни ўқиркансиз, наҳотки Ўзбекистон ҳақида гап кетаётган бўлса, дея таажжубланасиз. Сабаби, хатда унинг мамлакатда миллатчилик, зўравонлик ва ҳоказо қатор ёмонликлар қурбони бўлаётгани каби иддаолар бор. Журналист этикаси нуқтаи назаридан бу фикрларни келтиришни, ҳатто унинг исми сир тутилаётган бўлса-да, ёзишни истамадим. Аммо хатдаги фикрлар бўҳтонлиги шундоққина кўриниб турибди. Ўзбекистонда яшаб кўрмаган инсон бу фикрларнинг мунчоқдек терилганию воқеалар кетма-кетлиги ва жуда ишончли ёзилганига кўра, бир ўқишда даҳшатга тушиб, ишониши турган гап. Бу билан унинг фикрлари, албатта, эътиборга олинади демоқчи эмасман, бу бир қараганда шундай тасаввур уйғотади, холос.

Шу ўринда бошқа давлатдан бошпана олиш, сиёсий қочқин атамаларига изоҳ келтирсак.

Бошқа давлатдан бошпана топиш шартлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан имзоланган “Қочқинлар мақоми тўғрисида”ги конвенцияда белгиланган. Ушбу  ҳужжатда “қочқин” термини ҳамда бошқа давлатдан бошпана олиш асослари аниқ кўрсатилган. Уруш ва ҳарбий келишмовчиликлар, инсонларнинг ўзлари яшаётган мамлакатда ирқига ва динига оид нафрат билан боғлиқ таъқиблар бошқа давлатдан бошпана олишга имкон беради.

Сиёсий бошпана - алоҳида ҳуқуқий статус бўлиб, ўз давлатида унинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши, яъни таъқиб, таҳқирлаш, геноцид, жисмоний зўравонлик кабилар инсонга бошқа давлатда алоҳида ҳуқуқий даража.

Таъкидлаш ўринли, сиёсий бошпана деганда фақатгина сиёсий вазият билан боғлиқ ҳолатларгина тушунилмайди. Бошқа мамлакатдан ҳаёти ва соғлигига хавф туғилса, миллатчилик ва ирққа, динга, жинсий қарашларига оид таҳдид ва камситилишлар, давлат органларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари (мисол учун, полициянинг ҳаракатсизлиги ёки уни ҳимоя қилишни рад этиш каби) учун ҳам бошпана сўраш имкони бор.

Умуман олганда, ҳар ким ўз ҳаётига ўзи ҳукмрон, муҳими, ҳаммаси қонун талабларида бўлсин. Қайси давлатда яшаш ҳам ҳар бир инсоннинг шахсий танлови. Лекин бу каби ҳолатларни ўқиб, эшитганимизда таажжубимиз ортади.

Биринчидан, Америкага неча минглаб АҚШ доллари сарфлаб кетишга ошиқаётган одамлар оддий, кам таъминланган ва ҳатто ўртаҳол оилалар ҳам эмас. Уларнинг аксариятининг касби, ҳунари, баъзиларининг тадбиркорлиги ҳам бор ҳатто. Аммо ҳашаматга ўчлик, фарзандларини мантиққа сиғмайдиган, ақл тарозисида ўлчаб бўлмайдиган тарздаги маблағ сарфланадиган одатлар ила тўй қилиш каби орзулар уларнинг кўзларини шартта юмиб, кўп нарсадан воз кечишига сабаб бўлмоқда.

Ҳаммаси майли, аммо мамлакатимда инсон ҳуқуқларининг ақл бовар қилмас даражада бузилиши-ю миллатчилик ва бошқа таҳдидларга дучор бўляпман, дея ҳашамат сари интилишни ҳечам тушунолмайман. Интернет  орқали Америкага Мексика орқали бориш, дея қидирув берсангиз, юртида уруш кетаётган, очарчилик ва қандайдир таҳдидларга дуч келаётганларнинг нажот истаб, бошқа давлатдан паноҳ топишга интилаётгани, уларнинг қийинчиликлари акс этган видео, мақолаларга кўзингиз тушади. Аммо ҳашаматли тўй қиламан, ҳовлимни қасрга алмаштираман, деб юртини ёмонотлиқ қилганни кўрмайсиз.

Хулоса ўзингиздан...

Гулруҳ Мўминова.