Андижонда 4 та марказий шифохона карантинга олинди

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва эпидемиологик ҳолатни барқарор сақлаш бўйича ишлар белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, Андижонда бир оила аъзолари – 3 нафар фуқарода коронавирус аниқланган, эр-хотин ва унинг талаба қизида тасдиқланган эди. Касаллик ташхиси қўйилган аёл 10-11 март кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ва унинг қизи ҳам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 10-18 март кунлари бўлиб, Андижонга қайтган.

Аёлнинг эрида касаллик аломатлари аниқланганидан сўнг ўтказилган тиббий текширув натижасида бир оиланинг 3 та аъзосида коронавирус аниқланган. Улар ҳозирда махсус шифо масканида. Умумий аҳволи қониқарли, алоҳида ҳолатда тиббий назоратда даволанмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, ушбу 3 нафар коронавирус аниқланган шахслар ташриф буюрган барча ташкилотлар, яъни Андижон шаҳрида жойлашган Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ва Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси зудлик билан 14 кунга вақтинча ёпилиб, карантин эълон қилинди.

Беморнинг уйи, қариндошлари, танишлари, касбий мулоқотда бўлган шахслар ҳам алоҳида назоратга олинди.

Карантинга олингани муносабати билан Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти Андижон шаҳар болалар шифохонасига юклатилди.

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг фаолияти Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига берилди.

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг хизмат фаолияти карантин мобайнида Андижон шаҳрининг бошқа 8 та оилавий поликлиникаларига тақсимланди.

Андижонда туғруқхоналар, тез тиббий ёрдам – 103 хизмати, барча поликлиникалар, барча шифохоналар, шунингдек, ҳусусий шифо масканлари аҳолига тиббий хизматни қатъий тиббий-санитария қоидаларига риоя қилиб, чегараланган ҳолда давом эттирмоқда.

Коронавирусга гумон қилинганларни телефон орқали мулоқот, суриштирув ва хабарлар асосида махсус ҳимояланган тиббий бригадалар таркибидаги шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказмоқда, деб хабар беради Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.