Ақалли битта ёмон одатимиздан воз кечайлик...

Болалигимдан яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Яратганнинг хоҳиш билан амалга ошиши ҳақидаги гаплар онгимга сингиб кетган. Албатта, бугун бошимизда барчамизни хавотирга солиб турган вазиятни ҳам қай биримизнинг айбимизга яраша, бошқамизнинг сабримизга яраша синов, деб тушунаман. Аммо...
Шундоққина йўлакнинг чеккасига ташлаб кетилган “целлофан” пакетда ярмидан кўпи нон бўлакларидан иборат чиқиндига (аслида унда нон борлиги учун шундай дегим келмаяпти) кўзим тушди-ю, тонгдаги яхши кайфиятим ҳам чиқиндига қоришиб кетгандек бўлди. Тўғри, бу атрофимиздаги баъзи одамлар томонидан бугун қилинаётган ягона ҳолат эмас. Бироқ нега ўша-ўша бадқилиқларимиз ҳақида айнан ҳозир ўйлаб кўриб, ўзимизни тўғирламаяпмиз?!
Нега ҳар биримиз ўз-ўзимизни ҳар куни тафтиш қилиб, хатоларимиз ҳақида ўйлаб, балки бу балоларнинг даф бўлиши инсонийликка қайтишимизга боғлиқ, дея яхши таваккаллар қилмаяпмиз? Ахир мана шундай йўл тутиш ҳар қандай вирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцинадан кўра, аълороқ эмасми?!
Айтмоқчиманки, аввало, ҳар биримиз ўзимиздаги ақалли битта ёмон одат, иллатни бартараф этишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳалол қилиб берган ризқимизни хор қилмайлик. Барчасини тушунишга ақлимиз ноқислик қиладиган даражадаги неъматларни қадрлайлик!
Абдуҳошим ЗИЯТОВ.