АҚШ ва Европа иттифоқи Лукашенкони Беларусь президенти сифатида тан олишдан бош тортди
Қўшма Штатлар Александр Лукашенкони Беларуснинг қонуний сайланган президенти деб ҳисобламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти вакили РИА Новостига маълум қилди.
“9 август куни ўтказилган сайловлар ҳаққоний ўтказилмади. Эълон қилинган натижалар қалбакилаштирилди ва қонунийликни акс эттирмади. Қўшма Штатлар Александр Лукашенкони мамлакатнинг қонуний сайланган етакчиси деб ҳисобламайди”, деди у 23 сентябрь куни Лукашенко қабул қилган қасамёдга изоҳ бериб.
Шу билан бирга, Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Александр Лукашенко инаугурацияси демократик қонунийликдан маҳрум этилганини ва Беларусь инқирозининг янада чуқурлашишига олиб келишини таъкидлади.
“ЕИ 9 август куни Беларусда ўтказилган президентлик сайловлари ҳаққоний ўтказилмаганини яна бир бор тасдиқлайди. ЕИ унинг қалбакилаштирилган натижаларини тан олмайди. Шундан келиб чиқиб, 2020 йил 23 сентябрь куни ўтказилган инаугурация маросими ва янги президентлик мандати ҳар қандай демократик қонунийликдан маҳрум этилган”, дейилган у тақдим этган баёнотда.