Армияга юборилиши кечиктирилган чақирилувчилар кўнгилли равишда дезинфекция ишларида қатнашмоқда
Бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматга фуқароларни юбориш тадбирлари кечиктирилган бўлса-да, саралашдан ўтиб, “команда”га тушган чақирилувчилар кўнгилли равишда дезинфекция ишларида қатнашмоқда.
Бу ҳарбий Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Марказий ҳарбий округга қарашли Самарқанд (775), Навоий (580) ҳамда Жиззах гарнизонида (302) жами 1657 нафар бўлажак аскар ушбу вилоятларнинг мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлари масъуллари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан ҳамкорликдаги тактик-махсус ўқув машғулотларида иштирок этмоқда.
Чақирилувчилар уйда қолишдан кўра, инфекцияга қарши курашишни афзал билмоқда. Ҳар бир туманда ёшлардан иборат 4-5 та, вилоят марказларида эса 40 га яқин отряд тузилиб, бозорлар, савдо дўконлари ҳамда аҳоли яшаш манзилларига юборилмоқда.
Натижада катта масштабдаги ҳудудларда вирус инфекциясига қарши самарали кураш олиб бориляпти. Кўнгиллилар сафи эса кун сайин ортмоқда.
Шунингдек, ҳарбий округ кесимидаги куч тузилмаларининг 30 га яқин махсус техникаси йўллар, кўпқаватли бинолар атрофи, кўчаларда тозалаш тадбирларига жалб қилинган.
Бундан ташқари ҳарбий техникаларга ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали фуқаролардан заруратсиз кўчага чиқмаслик сўралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий ҳарбий округда фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш ва аскарларни хизматдан кутиб олиш тадбирлари 20 мартдан 10 апрель кунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган эди. Бироқ Ўзбекистонда карантин тадбирлари сабабли, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш вақтинча кечиктирилди.