Ризқимизга энди чигиртка балоси чанг соляптими?

Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистоннинг аксарият вилоятлари, Саудия Арабистони, Покистон ва Афғонистон ҳудудининг катта майдонларини чигиртка босгани ҳақидаги ҳабарлар тарқалди. Улар қадимдан инсониятга катта зарар ва талафотлар етказиб келган. Дунёда чигирткалар туфайли йилига тахминан 250-270 миллиард доллар миқдоридаги маҳсулот йўқотилиши маълум қилинади. Бундан ташқари наботот олами зарарланиб,  ям-яшил водийлар чўлга айланиши, айрим ҳайвон турларига қирон келиши башорат қилинади. Митти очофат бу ҳашарот йўлида учраган нарсани ямламай ютавериши, барча органик моддалар билан озиқланиши олимларни ҳам ҳайрон қолдиради. Бу эса ўз навбатида очарчилик, қаҳатчилик ва қимматчиликларни келтириб чиқаради.

Синовли кунларни бошдан кечиряпмиз. Инсоният XXI асрнинг 20-йилини ташвишли қаршилади. Дунёдаги пандемик вазият иқтисодий барқарорликка хавф солиб турган бир пайтда бу офат Осиё ҳалқларини, қолаверса, бутун дунё аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини шубҳа остида қолдирди.

Қашшоқлик, муҳтожлик, камбағаллик эшик қоқмоқдами?

Бироз ваҳимачимизми ёки кейинги вақтларда халқимизни синовдан ўтказаётган кетма-кет воқеликлар таъсириданми, айрим давраларда шундай гап-сўзлар қулоққа чалина бошланди – Нуробод, Қўшработ туманларидаги катта-катта ер майдонларини чигиртка босиб кетганмиш ва яна ҳоказо...

Бу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Шу каби саволлар билан Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг иқтисодиёт ва агротехнология факультети, агрокимё,  тупроқшунослик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини кафедраси катта ўқитувчиси Салоҳиддин Аҳмедовга мурожаат қилдик.

- Ҳавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ, ҳар доим йилнинг шу фаслида бу мавзу бир марта бўлса-да, кўтарилади. Бу йилги гап-сўзларга эса ташқи омиллар, яъни яқин атрофимиздаги мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

Одатда чигирткаларнинг тухуми тупроқда қишлайди. Баҳорда тупроқдаги тухумлардан личинкалар чиқади. Улар озуқа излаб кунига 5-7 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Личинкалик даври 36-40 кун бўлиб, бу даврда личинкалар 5 ёшни ўтайди ва етук ҳашаротга айланади. Бу ҳолат июнь ойининг иккинчи ёки учинчи ўн кунлигига тўғри келади.

Чигирткаларнинг фанга 20 мингдан ортиқ тури маълум. Аммо уларнинг 50 тури ўта зарарли. Ўзбекистонда бу ҳашаротларнинг 250 тури учрайди.  Республикамизда асосан Осиё ёки тўқай чигирткаси, Италия ёки воҳа чигирткаси ҳамда Марокаш чигирткалари учраб, улар озуқа танламайди ва барча органик моддалар билан озиқланиб кетаверади. Ҳатто симёғочлар, темир йўл шпаллари, бино ва иншоотларнинг ёғоч қисмлари, ҳайвонот олами вакиллари билан ҳам озиқланиши боисидан ўта ҳавфли гуруҳга мансуб.

Уларнинг кўпайиши асосан, об-ҳаво ҳамда табиий кўпайиш ўчоқлари шароитига боғлиқ. Қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик кўп бўлса, ўша йили зараркунандалар сони камаяди. Чунки тупроқдаги тухумлари нобуд бўлади. Йил қурғоқчил келганда эса уларнинг сони ортиб кетиши кузатилади.

Бу йил ўлкамизда ёғингарчилик меъёрида бўлди. Шунинг учун ҳам юқоридаги гап-сўзлар асоссиз.

Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларининг Амударё дельтаси қамишзорларида асосан тўқай чигирткаси, Бухоро ва Навоий вилоятларининг қир-адирларида воҳа чигирткаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона водийсининг тоғ ён бағирларида эса Марокаш чигирткаси кўпайишининг табиий ўчоқлари мавжуд. Ана шу табиий ўчоқлардан зараркунандалар теварак-атрофга тарқалади.

Улар четдан келган эмас.

Ўзбекистонда йилига 700 минг гектардан 2 миллион гектаргача бўлган ҳудудда чигирткалар тарқалиши башорат қилинади. Баъзи йиллари, айниқса, ёғингарчилик кам бўлган, қурғоқчил йилларда улар оммавий кўпайиб, аҳоли пунктларига, суғориладиган майдонларга ҳам ҳужум қилиши мумкин.

Ҳар йили мунтазам июль-август ойларида чигирткалар кўпаядиган табиий ўчоқлар энтомолог олимлар, агроном ва назоратчилар томонидан текширилиб, 1 метр квадрат майдондаги личинкалар миқдори аниқлаштирилиб, картага туширилади. Эрта баҳорда кураш ишлари шу карта асосида табиий ўчоқлардан бошланади.

Жорий йилда ҳар доимгидек, вилоятимизнинг Нуробод туманида, Жомбой ва Булунғур туманларининг Ғўбдин массивида ва Қўшработ тумани тоғ ён бағирларида вилоят чигирткага қарши кураш уюшмаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш бошқармалари мутахассислари томонидан кимёвий кураш ишлари олиб борилди. Республикамизда шу кунгача 350 минг гектардан ортиқ, вилоятимизда эса 70 минг гектардан ортиқ майдонга кимёвий ишлов берилди.

Дунёда бу зараркунандага қарши курашда энг самарали усул - кимёвий усул ҳисобланади. Жумладан, республикамизда ҳам бу усулдан фойдаланилади.

Чигирткалар асосан чўл, қир-адир ва тоғ ён бағирларида, аҳоли яшаш пункларидан олис жойларда кўпаяди ва шунинг учун ҳам кимёвий моддалар ишлатилиши одамлар саломатлигига ва табиатга зарар етказмайди. Иккинчидан, ҳозирги вақтда қўлланиладиган инсектицидлар 5-7 кун ичида тўлиқ парчаланиб кетади.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти олимлари бу заракунандаларга қарши кураш борасида дунё эътирофидаги ишларни бажаришган. Мисол учун, профессор М.И.Кособуцский Марказий Осиё, Афғонистон ва Эронда, доцент В.И.Дерябин Африка мамлакатлари (Яман ва Марокашда), Кубада, доцент Л.Н.Балаян Афғонистонда чигирткаларга қарши кураш ишларига бошчилик қилган.

Институтнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедрасида мудирлик қилган В.А.Лебедов собиқ Иттифоқ ўсимликлар карантини хизматига 20 йилдан ортиқ бошчилик қилган. Профессор Г.Савздарг эса 20 йилдан ортиқ “Защита растений”, “Защита и карантин растений” илмий журналларининг бош муҳаррири бўлган. Мазкур кафедрага мудирлик қилган яна бир олим А.Махматмуродов ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик экинлари зарарли организмларига қарши кураш ишларини такомиллаштиришда профессорлар Ф.Ҳошимов ва Э.Умурзоқовлар билан биргаликда қатор илмий-амалий ишларни олиб бормоқда. Кейинги 10 йил давомида кафедра олимлари томонидан 2-томли “Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш” дарслиги, 10 дан ортиқ монографиялар чоп этилди.

Институтнинг  иқтидорли  олимлари, тадқиқотчилари айни кунда ҳам вилоят чигирткага қарши кураш уюшмаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш бошқармалари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА  ёзиб олди.