Арзоннинг оши татимас. Аҳоли нега кўмирсиз қолмоқда?

Мана шу воқеадан сўнг совуқ қиш кунларида қишлоқларда яшовчи аҳоли уйни нима билан иситяпти, деган саволга жавоб излаб, Булун­ғур туманига йўл олдик.

Мазкур туманда 4200 та хонадон табиий газ билан таъминланган. Қолган аҳолининг уйни қандай иситаётгани ҳақида қуйироқда тўхталамиз. "Ўзтрансгаз" газ тар­қатиш бўйича Самарқанд филиалининг Булунғурдаги 2-сон участкаси маълумотларига кўра, 26 560 та хонадон суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаб келинмоқда. Аммо ушбу "ўз вақтида" ҳам газ таъминот корхонаси нуқтаи назари, албатта. Чунки аҳолига ҳар 45 кунда суюлтирилган газ етказиб беришни ушбу ташкилот меъёр сифатида белгилаган. Аслида, агар фуқаро битта кичик уйдаги хонани 24 соат давомида илиқ ҳароратда ушлаб туриш учун суюлтирилган газдан фойдаланса, 45 кунга мўлжалланган маиший газ баллони 6 кунда бўшайди. Газ таъминоти идоралари суюлтирилган газ фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун, деб доимо таъкидлаб келишади. Шундай экан, маиший газ баллони табиий газнинг муқобили эмас. Иситиш эса барибир фуқаронинг ўзи ҳал қилиши лозим бўлган муаммо сифатида қолмоқда.

Шунинг учун ҳам фуқароларга кўмир етказиб бериш долзарб вазифалардан бири сифатида қаралади. Хуллас, ҳақиқий аҳволни билиш учун қишлоқларга чиқдик. Мақсад қишлоқларда яшовчи аҳоли омборлардан арзонлаштирилган нарх­да кўмир олганми-йўқми? Шуни билиш.

– Вақтида моторли арра сотиб олган эканман, – дейди Мингчинор маҳалласида яшовчи З.Синдоров. – Қиш келди дегунча ўтин майдалашга кўпчилик чақира бошлайди. Хизмат ҳақига ўтин олиб келиб, уйни иссиқ сақлаб турибман. Ўтин йўқ вақт­да кўпчилик, баъзан ўзим ҳам бир қоп кўмирни 12 минг сўмга сотиб оламиз. Тахминан 10-12 кило чиқади. Кўмирнинг ўзини ҳам ёқиб бўлмайди. Ўтини йўқлар бир машина ўтинни 1,5 миллион сўмга сотиб олишади. Белгилаган нархдаги кўмирни билмас эканман.

Кейинги маҳалла – Бешкувида 3700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳалла аҳолиси учун бу йил 46 тонна кўмир ажра­тиш белгиланган. Айни вақт­да шундан 36 тоннаси олинган. Аҳоли жон бошига ҳи­соб­лаганда 200 кило­грам­м­дан. Маҳаллага кириб борар эканмиз, 3-4 фуқаро билан суҳбатлашдик. Ажабланарлиси, уларнинг ҳеч бири аҳолига имтиёзли нарх­да кўмир берилишидан хабардор эмас. Имкони борлар кўчадан килосини ўртача минг сўмдан сотиб олади, захира ўтини борлар ўтин ёқади, ҳар иккиси ҳам бўлмаса, ҳовлидаги мевали дарахтлар бир-иккитага камаяди.

Маҳалла раиси эса аҳо­лининг айнан кўчадан кўмир сотиб олиши сабабини маблағ билан боғлади. Яъни, 1000 сўмдан кўмир сотиб олаётган фуқароларга давлат бераётган 273 сўмлик кўмир қимматлик қиларкан(?). Кўмир сифати борасида ҳам умумий жавоб – "Ўтган йилгидан яхшироқ". Маҳалла раисига юқоридаги савол билан мурожаат қилганимизнинг сабаби бор. Биз суҳбатлашган фуқароларнинг ярмидан кўпи арзонлаштирилган кўмир ҳақида билмаса, қолган ярми унинг ниҳоятда сифатсизлигини айтди. Яъни, ярми кукундан иборат.

– Маҳалла бераётган кўмирнинг сифати йўқ, – дейди Катта Килдон маҳалласида яшовчи F.Холжиги­тов. – Пулимга ачинаман, чунки бу кўмирнинг ярмини ёқиб бўлмайди, кукундан иборат. Ундан кўра, 3-4 баравар қиммат бўлса ҳам кўчадан олган яхши. «Арзоннинг оши татимас», дейди-ку. Умуман қишлоқда одам бир кунини кўради, жуда бўлмаса, дарахтини кесади. Свет ҳам яхши эди. Аммо охирги икки кунда ҳаво қат­тиқ совигач, тез-тез ўчяпти.

Шу ерда туман электр тармоқлари корхо­наси раҳбари Икром Муродов билан телефон орқали боғландик.

– Ана шу сўнгги икки кун ҳаво ҳарорати пасайгач, ан­ча қийналиб қолдик, – дейди И.Муродов. – Тинимсиз авариялар бўляпти. Авария гуруҳимиз тинмайди. Сабаби ўзингизга маълум, ҳаво ҳарорати пасайса, аҳоли уйни иситиш учун ёппасига электр иситкичлардан фойдаланиб, катта миқдорда ток сарфлайди. Тушунамиз, уйни иситиш керак. Аммо шу тарз­да электр тармоқлари, трансформаторлар қизиб кетиб, ишдан чиқяпти. Таъмирлашга улгурмай қол­япмиз. Сиз айтган жойга узоғи билан бугун кечгага етиб борамиз, унгача яна бир нечта жойни тузатишимиз керак...

Кўриб турганингиздек, айнан кўмир танқислиги ва сифатсизлиги, ҳатто, электр таъминотига ҳам таъсир ўтказиб, катта зарар келтирмоқда. Тумандаги аҳолига кўмир тарқатиладиган омбор мудирининг фикри эса умуман бошқача.

– Аҳолига белгиланган миқдордаги кўмирни тўлиқ етказиб беряпмиз, – дейди омбор мудири С.Қаюмов. – Барча маҳалла лимит бўйича кўмирини олиб бўлди. Кўмир сифати ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Сиз кўриб турган кукунлар аслида брикет ишлаб чиқариш учун хомашё. Қолаверса, мана, марҳамат, барча маҳалла раиси кўмир сифатига эътирози йўқлиги борасида ёзма равишда маълум қилган.

Ажабо! Аҳолига берилаётган кўмирнинг сифатсизлиги рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Буни барча туманда кўплаб фуқаролар тасдиқлайди. Аммо омбор мудири қўлида маҳаллалар раислари ёзиб берган кафолат хатлари бор.

Ҳатто биз билан суҳбатда "Ҳали 13 тонна кўмиримиз турибди", деган Бешкуви маҳалласи раиси ҳам шу тарз­да хат берган. Қизиқ, маҳалла раислари сифатсиз кў­мирга эътироз билдирмасликларининг сабаби нимада? Хўп, бу ҳам майли. Кўмирнинг сифатсиз экани ҳаммадан ҳам кўмир тарқатишга масъул идораларга беш қўлдай маълум-ку! Маҳалла оқсоқолларидан бу тарзда олинаётган кафолат хатлари кимни алдаш учун?

Яна бир гап. Туман ҳокимлиги вакиллари ҳам ҳали аҳолига берилиши керак бўлган кўмир тўлиқ олинмагани, 2900 тонна кўмир ўрнига бугунгача 1521 тонна олинганини тасдиқлаб турибди. Туман кўмир омборидаги бу ҳолат эса бизга юқорида айтилган битта фуқарога  кўмир топиб беришни лозим топмаган вилоят "Темирйўлёнилғитаъмин" вакилларини эслатмоқда.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.