“Asr imkon textile” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб кўпаймоқда
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари вилоятда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқарувчи корхоналарда бўлиб, тадбиркорларга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими ва “Экспорт уч қадамда” тизимининг афзалликлари, ушбу тизимлар орқали уларга тадбиқ этилаётган имкониятлар хусусида батафсил маълумотлар бериб келмоқда.
Бу гал божхоначилар Оқдарё туманидаги “Asr imkon textile” МЧЖда бўлиб, корхонада ишлаб чиқарилаётган тайёр трикотаж маҳсулотларини кўздан кечирди.
Корхонада 200 га яқин хотин-қиз иш билан таъминланиб, улар икки сменада фаолият олиб боради. Корхонага Туркия, Япония, Россия давлатларидан келтирилган замонавий тўқиш ва тикиш-бичиш асбоб-ускуналари ўрнатилган. Ҳозирда 20 турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар юртимиз бозорларидан ташқари Россияга ҳам экспорт қилинмоқда. Хусусан, таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг 6 ойи давомида корхона қиймати 535 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотларни хорижга экспорт қилган.
Маҳсулотнинг сифати юқори даражада бўлганлигини инобатга олган Европа давлатлари ҳам харидоргир бўлиб турибди. Масалан, яқин кунларда Франция ва Вьетнам давлатлари билан экспорт шартномаси имзоланиши кутилаётгани айтилди.
Тадбиркор корхонанинг аввалги ҳолати ҳамда янги лойиҳаси ҳам таништирди. Ўз навбатида вилоят божхона бошқармаси раҳбар ва мутахассислари корхона мутасаддиларига лойиҳани кенгайтириш, маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш ҳамда бож тўловлари ҳамда расмийлаштирув билан боғлиқ яратилган енгилликлар ва имкониятлар хусусида маълумотлар берди.