Ассалому алайкум. Бу каломни ҳар куни айтасизми?
Кечагидек эсимда. Абитуриент эдик. Бир дўстим билан ўқишга ҳужжат топшириш учун шаҳарга борганмиз. Такси бизни институт дарвозаси яқинида қолдирди. Биз бир танишимизни шу ерда кутишимиз керак эди.
У келгунча ёнимиздан ўнлаб одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтарди. Ота-онамиз кўчада ўзимиздан катталарга салом бериш кераклигини уқтиргани учун ўтган-қайтган кишига “Ассалому алайкум!”, деймиз. Уларнинг ёши улуғроқлари алик олади. Аксарияти эса ҳайрон боқиб, ўтиб кетади. Айримлари безрайиб эшитмаганга олади. Сал нарида турган, кўринишидан талаба йигит бизни кузатиб туран экан шекилли, яқинлашиб шундай деди:
- Шаҳарга биринчи марта келиб турганликларинг сезилиб турибди, укалар. Бундан 3-4 йил илгари мен ҳам қишлоқдан шаҳарга биринчи марта келиб, ҳаммага салом бераверганман. Бу ерда эса танишларгагина салом берилар экан.
Бу воқеа 20 йиллар илгари бўлган эди. Қишлоқда танишми-нотанишми ўзимиздан катталарга салом берсак, албатта, алик оларди.
Тўғриси, ўша пайтларда туман марказида ҳам ёшлар катталарга таниса-танимаса салом берарди. Бугун эса бошқачароқ. Туман марказларида ҳам салом бериш одати унутилган, назаримда. Тўғри-да, деб ўзимни ўзим овутаман. Туман марказлари ҳам катта шаҳардан қолишмайдиган даражада ҳозир. Замонавий иншоотлар қурилган, йўллар равонлашган, велосипед ва пиёдалар учун алоҳида йўлаклар бор. Шунга яраша одамлар билан гавжум. Ўша биз 20 йил илгари илк бор дуч келган шаҳар муҳити бу ерларга ҳам етиб келган.
Олий ўқув юртини тугатиб, таълим муассасаларида фаолият юритиш насиб этди. Бир неча йилдан бери Каттақўрғон туманидаги 30-болалар мусиқа ва санъат мактабида раҳбарлик қилиб келяпман. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатиман. Мусиқа мактабидаги болаларни ўз фарзандларимдек кўриб, катталарга салом беришни унутмасликка чақираман. Баъзан маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирларда иштирок этганимда ҳам фарзандларига тарбия беришда ота-оналар салом бериш одобига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини айтаман. Бироқ бир воқеадан кейин менинг болаларга бераётган тарбиям ҳам, маърузаларим ҳам унча таъсирга эга эмаслигига амин бўлдим.
Хуллас, бир куни ёши улуғ устоз билан қишлоғимиз кўчасида ишдан уйга пиёда суҳбатлашиб қайтаётган эдик. Фарзандга ота-онанинг тарбияси етарли бўлмаслиги ҳақида сўзлаётган устоз қаршимиздан келаётган икки ёш йигитга кўзи тушиб, гапини тўхтатди. Қўлларида шапалоқдек телефонлар, ўзлари билан ўзлари овора ёшлар бизга эътибор ҳам бермай ёнгинамиздан ўтиб кетаётганда, уларга қараб баланд овозда “Ассалому алайкум, болаларим!”, деди.
Йигитлар тўхтади. Улардан бири уялгандай бўлиб, секингина “Ассалому алайкум”, деди-да бошини эгиб турди. Иккинчиси эса алик ҳам олмай кўзини лўқ қилиб, устозга қараб турибди.
Устоз улар билан яқиндан танишди. Кимларнинг фарзанди эканлигини билгач, боболари билан қадрдон эканлиги ва уларнинг яхши фазилатлари ҳақида гапирди. Йигитлар устознинг нима демоқчи эканлигини англади, шекилли, иккиси ҳам салом бермаганлиги учун узр сўраб, бу ҳолатни бошқа қайтармасликка ваъда берди. Боболарига бу воқеа ҳақида айтиб қўймаслигини илтимос қилди.
Бундан хулоса чиқардим. Кўчада учраган бола салом берса алик оламан ва индамай ўтиб кетаётганига эса қўлимни кўксимга қўйиб, салом беришга қарор қилдим. Шу йўл билан ҳам кичикларга салом бериш одобини ўргатса бўлар экан.
Шодиёр АМИРОВ.