Автомактабларга ҳам солиқ имтиёзлари тегишлими?
- Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш мақсадида бир қатор имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди. Бу ҳақда матбуотда эълон қилинди. Автомактабларга ҳам бу имтиёзлар тегишлими?
Саидумар Самаров,
Ургут тумани.
- Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 13-бандида Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилган.
2017 йил 15 сентябрдаги қарорнинг 8-бандида мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод этилиши белгиланган. Бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилиши лозим.
Шунингдек, автомактаблар мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар тоифасига кириши ёки кирмаслигини аниқлаш солиқ хизмати органлари ваколатлари доирасига киритилмаган. Ушбу масалага доир ваколатга эга бўлган идораларга мурожаат қилиш керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, саволда қайд этилган ҳолат юзасидан Давлат стастистика қўмитаси ёки унинг тизимидаги идораларга мурожаат қилиш лозим. Ваколатли орган томонидан автомактаблар мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар тоифасига кириши юзасидан ижобий хулоса олинган тақдирда белгиланган муддатгача юқорида қайд этилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқи вужудга келади.
Шунингдек, солиқ имтиёзларини мақсадли ишлатилиши юзасидан солиқ идораларига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиб борилиши солиқ тўловчи мажбуриятларига киритилган.
Саволга вилоят давлат солиқ
бошқармаси ходими Валишер Темиров жавоб берди.