Ахборот технологиялари мутахассислари Самарқандда жам бўлади

Самарқанд шаҳри жорий йилнинг 24-27 октябрь кунлари яна бир нуфузли халқаро тадбир – «ICTWEEK Uzbekistan» Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Мазкур ҳафталик Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасида 2004 йилдан буён ўтказиб келинади.

- «ICTWEEK» ҳафталигининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини  ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. - Чунки Самарқандда IT йўналишида хизмат қилаётган мутахассислар кўп. Ҳафталик давомида жаҳоннинг энг йирик компанияларининг замонавий технологиялари ҳамда инновациялар ютуқларини намойиш этиш билан бирга хориждан келган тажрибали мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашилади. Юртимиз IT бозорининг жозибадорлиги хорижий инвесторларга намойиш этилади.

Ҳафталик давомида “Digital Eurasia Forum” и ҳам бўлиб ўтади. Форум ахборот технологиялари соҳасидаги замонавий тенденцияларга оид масалаларни муҳокама қилиш учун ноёб эксперт майдончаси бўлиб, мамлакат ахборот технологиялари тармоғининг ривожланишига қаратилган стратегик ечимлар ва дастурларни ишлаб чиқишга кўмаклашади. Форумда зиддиятлар таҳлили ўтказилади, ривожланиш салоҳияти ва уни амалга ошириш имкониятлари баҳоланади.

"ICTWEEK Uzbekistan" ахборот-коммуникация технологиялари тадбири доирасида "ICTFORUM" 2015 йилдан буён ўтказилади. Авваллари "ICTWEEK Uzbekistan" умумий ғоя асосида бирлашган, лекин ҳар бири ўз услубига эга қатор мустақил тадбирлардан иборат бўларди. "ICTWEEK Uzbekistan"нинг янги формати барча ихтисослашган тадбирларни бирлаштирди.

Форумнинг панель муҳокамалари мамлакат ахборот технологиялар тармоғининг ривожланишига йўналтирилган стратегик ечимлар ва дастурларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Ҳафталикка Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, йирик маҳаллий ва хорижий IT-компаниялар вакиллари қатнашиш учун таклиф этилган. Агар форумни рақамларда ифодалайдиган бўлсак, тадбирга ҳар йили 500 дан зиёд киши ташриф буюради, турли мавзулар бўйича 50 дан зиёд маърузачи қизиқарли маърузалар билан қатнашади. Форум иштирокчиларининг мулоқоти блок конференциялар, секция мажлислари, маҳорат сабоқлари ва панель муҳокамалари кўринишида ўтади. 2022 йилдан бошлаб Форум DIGITAL EURASIA FORUM номи остида ўтади.

Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ўтказиладиган мазкур тадбирда етакчи IT-компаниялар вакиллари ва тармоқ экспертларидан таркиб топган Форум дастурий қўмитаси фақат янги кейсга эга долзарб ва қизиқарли маърузаларни саралаб олади. Форумда қатнашиш учун хорижий экспертлар ва ушбу соҳада катта меҳнат тажрибасига эга мутахассис-олимлар таклиф этилган.

Дилмурод Тўхтаев.