Ахборот хизматлари фаолияти қониқарлими?
Соҳада қандай ютуқ ва камчиликлар бор?Журналистлар нимадан норози?
Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.
Республикамиз давлат идораларида ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилганига беш йил бўлди. Айни кунда биргина вилоятимиздаги 16 та шаҳар ва туман ҳокимликларида, шунингдек, 65 та давлат ва хўжалик бошқаруви органларида шундай хизмат мавжуд. Улар томонидан 2023 йилнинг ўзида жами 2700 та матбуот тадбири ўтказилиб, жамоатчиликка фаолияти бўйича ахборот берилган.
— Вилоятимиз ахборот хизматлари республикада илғор саналса ҳам соҳа муаммолардан холи эмас, - дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев. – Хусусан, ўтган йили идорамиз томонидан 60 марта ўрганиш ишлари олиб борилди. Ахборот хизматлари фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Хизмат раҳбарлари ҳамда ходимларининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда.
Тадбирда журналистлар айрим ташкилотлардан ахборот олиш қийинлашгани юзасидан изоҳ сўради. Маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятдаги 20 дан ортиқ ташкилот ва корхоналарда ахборот хизмати вазифаси бошқа ходимга юклатилган. Яъни, уларда ахборот хизмати раҳбари штати йўқ. Бу эса мазкур ташкилотлар фаолияти очиқлигини таъминлашда муаммо келтириб чиқармоқда.
Тадбирда матбуот тадбирларининг самарадорлигини ошириш, таҳлилий ва танқидий материалларга муносабат берилишини таъминлаш, журналист ва ахборот хизматлари ўртасида маълумот алмашиш тезкорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, таклифлар берилди.