Ахборотнинг зарарлиси бор

Болаларни соғлиғи ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилишда ривожланган давлатлар носоғлом ахборот оқимининг олдини олиш, бартараф этиш ва унга қарши курашишнинг қонуний асосларини яратган. Бунга халқаро амалиётдаги "Кибер жиноятлар тўғрисида"ги конвенция, "Вояга етмаганлар учун хавфсиз интернет ва онлайн ресурсларни жорий қилиш тўғрисида"ги қонун мисол бўлади. Қолаверса, Европа Иттифоқининг тавсиялари, Германиянинг "Ёшларни ҳимоялаш тўғрисида"ги, Литванинг "Вояга етмаганларни оммавий ахборотнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш тўғрисида"ги ва Россиянинг "Болаларни соғлиғи ва ривожланишига зиён етказувчи ахборотдан ҳимоялаш тўғрисида"ги қонунларини ҳам эслаш мумкин.
2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни ҳам болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Бунинг учун эса вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг ваколатлари аниқ белгиланган. 
Шу билан бир қаторда, қонунда ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи белгилаб берилган. Қонун билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир қонунчиликка риоя этилиши устидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқароларнинг жамоат назоратини олиб бориш ҳуқуқи мустаҳкамлаб берилди. 

Самар УМАРОВ, 
"ASIA ALLIANCE BANK" АТБ 
вилоят филиали бош
мутахассиси.