Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Айбга иқрорлик бўйича келишув жорий қилинди

2021 йил 18 февралдан бошлаб Ўзбекистон миллий процессуал қонунчилигида айбга иқрорлик тўғрисида келишув институти амалиётга жорий этилди. Ушбу институт мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилиги тарихида мутлақо янги ҳисобланади.

Жиноят, жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш, халқаро амалиётда эътироф этилган ва инсон ҳуқуқларини самарали химоя қилиб келаётган жиноят-ҳуқуқий институтларни амалиётга жорий этиш масалалари шулар жумласидандир.

Жиноий ишларни қисқартирилган тартибда кўриш борасидаги жаҳон амалиётида мавжуд ижобий иш юритишнинг миллий процессуал қонунчиликка жорий этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги замонавий механизмлардан биридир.

Жиноят-процессуал қонунчиликка жорий этилган айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади — давлат айбловчисининг айбланувчини содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шу билан бирга, кўплаб сансалорликларга сабаб бўладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув, жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган шахс ва прокурор билан тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчи жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.

Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузилади.

Аслида, «келишув» сўзининг маъноси ҳам икки келишаётган томоннинг ўзаро қулай ва манфаатли мақсадлар марказини топишини англатади. Жиноят-процессуал қонунчиликда мазкур сўз айбланувчи билан давлат тимсолидаги қонун, адолат билан келишувни ифодалайди.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг самарали жиҳатлари:

ўзаро зиддиятда бўлган томонлар муносабатларининг тез орада юмшаши;

айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрорлик билдиришга тайёрлиги, жазони ўтай бошлаши;

судлов ва айблов органларининг вақт ва маблағлари тежалиши;

айблов органлари ўз вақтини оғир жиноятларни очишга қаратиши ва судларда жиноят ишларини кўрилишининг камайишига олиб келиши билан белгиланади.

Шу аснода айбланувчининг ўз айбини тан олиши кўп ҳолларда узоқ давом этадиган тергов ва суд босқичларини қисқартиришда, оворагарчиликларнинг олдини олишда айбланувчининг ўзига нисбатан ҳам кўп ҳолларда самарали процессуал ҳаракат ҳисобланади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти, айрим олимларнинг фикрича, муайян салбий жиҳатларга ҳам эга. Бу омиллар жиноят процессини юритувчи мансабдор шахслар, жумладан, тергов органларининг айбни «ҳар қандай ҳолатда тан олдиришга интилиши» натижасида айбланувчи ўзини ўзи ёлғон айблаш ҳолати, айбсиз инсоннинг айбланувчига айланиб, жиноят содир этган шахснинг жазосиз қолиб кетиши, шунингдек, содир этилмаган жиноят учун айблов эълон қилиш ҳолатларида намоён бўлади.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда айбга иқрорлик келишуви суд томонидан кўриб чиқилгандан сўнг тасдиқланади.

Бунда суд келишув гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмагани, келишувнинг моҳияти ва шартларини тушунган-тушунмагани, унинг оқибатларини англаб етгани, судланувчининг ўзи шахсан келишувни қўллаб-қувватлашини аниқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро майдонда самарали фойдаланилаётган процессуал институтларнинг мамлакатимиз жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигига киритилиши, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси янада юксак поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлади.

Жахонгир Арслонов,

Самарқанд вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Шоҳрух Мирзааҳмедов,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.