"Аёллар дафтари"даги хотин-қизларга иш ўринлари яратган тадбиркорлар тақдирланди

Самарқанд шаҳрида “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини ошириш бўйича Республика танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда сўз юритган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ўроқов, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Р.Бедилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев кейинги йилларда касаба уюшмасининг ўрни ва нуфузи ошиб бораётгани, иш берувчи томонидан ишчи-хизматчиларга муносиб меҳнат шароити яратилаётгани, “Аёллар дафтари”дагилар алоҳида эътиборда эканлиги таъкидлади. Барча шаҳар ва туманларда “дафтар”даги ва ундан чиқарилган аёлларнинг ҳолидан хабар олиб уйма-уй ўрганилгани, уларнинг муаммолари ижобий ечим топилаётгани айтиб ўтилди.

 Тадбир давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлашда намуна кўрсатган бир гуруҳ масъул раҳбарлар тақдирланди.

Хусусан, “Энг намунали иш берувчи аёл” , “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” каби номинацияларда биринчи ўринни эгаллаганларга 30 миллион сўмлик сертификат ва пул мукофоти топширилди. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига 3 ва 5 миллион сўмдан сертификат ва пул мукофоти тақдим этилди.