Аёлларнинг дини ноқис, ақли калта(ми?)

Яқинда давраларнинг бирида шу ҳақда гап кетди. Кимдир бу ҳақда ҳадис бор, бу тортишадиган мавзу эмаслигини айтди. Ёши улуғроқ бу зиёлининг гапи бир овоздан маъқулланди...
Мен эса бу фикрга қўшилмадим. Даврада журъатсизликдан эмас, одоб юзасидан қарши фикр билдирмадим. Аммо ўйлаб кўрсам, жамиятда кўпчиликда шу фикр бор.
Ваҳоланки, феминизм, гендер тенглик каби замонавий тушунчалардан кўра аёлларга юксак эътибор кўрсатган боболаримиз бу даражада тор фикрламаганликлари тайин.
Тўғри, сарлавҳадаги жумлага мос ҳадис бўлиши мумкин. Лекин у айни маънони бермаслигини ўйлаб кўришмагани дилни хира қилади. Чунки дини ноқис дейилганда хотин-қизлар ҳайз ва нифос даврида ибодатдан (намоз ўқиш ва рўза тутиш) озод қилингани кўзда тутилади. Бу қайд қилинган вақтда қон йўқотиш туфайли ҳолсизланган ожизаларга кўрсатилаётган эҳтиром эмасми?!
Ақли калталигини хотин-қизлардан икки нафарининг гувоҳлиги бир эр кишининг гувоҳлиги билан тенг бўлиши айтилади. Жиддий ўйлаб кўрилса, бу ерда ҳам эрлар кўкларга кўтарилмаяпти, аёллар авайланяпти...
Аслида бу анчайин катта мавзу. Аммо аждодларимиз ҳаётида она, турмуш ўртоғи бўлган аёллар доим қадрланган. Жамиятда уларнинг ўз ўрни бўлган. Оддий мисол, Амир Темур аёлига қандай муносабатда бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ёхуд султон Жалолиддин Мангубердининг бувиси саройда қандай таъсирга эга бўлганини кўпчилик билади.
Бугун ҳам орамизда шундай аёллар борки, уларнинг биргина гапи ҳаётингизда ўчмас из қолдириши мумкин...
Хокисорлик, камтарлик намунаси
Ишонч билан айтишим мумкинки, бундай шароитда яшай олмайсиз. Аниқки, шунақа шароитдаги инсонни аввал кўрмагансиз, эшитмагансиз ва билмайсиз...
Ўйламанг, таъна қилаётганим йўқ, хаёлимдан ўтгани шу бўлди. Ортда қолган 7-8 йилнинг ичида қайта бундай ҳолатни кўрмадим.
Ўшанда нуфузли бир гуруҳ таркибида аҳоли хонадонларида ўрганишларда қатнашдик. Эски уйларнинг бири ёнидан тўхтаб, бу ҳовлида ким яшаши билан қизиқдик.
Бу қизиқиш эса Шайх Абдулқодир Жийлонийнинг ўша машҳур гапини ёдга солди: “Аллоҳга яқин қилувчи турли йўлларга назар солдим. Лекин улар орасида хокисорлик, камтарлик йўлининг бўш эканига гувоҳ бўлдим”. Яъни, инсонларнинг кўпи бу йўлдан юра олмайди.
- Келинглар, - деб ёғоч ҳассасини дўққиллатганча кекса аёл қарши олди. Суҳбат давомида бу кишининг Жийлоний ҳазратлари айтган йўлда эканлигига рўй-рост ишонганман.
Лекин воқелик эски хотира бўлгани учун суҳбатимиз сўзма-сўз ёдимда йўқ. Эсимда бори шуки, бу киши ногирон қизи иккаласи яшаркан. Ҳовли ўз йўлига, хонадоннинг ташқи кўриниши ҳам ичкарида аҳвол қандайлигини англатиб турарди. Шундай жойда ногирон фарзанди билан яшаётган кекса онахоннинг ранги-рўйи бир аҳволда эди...
Тўғри, кейинчалик у кишига моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Эсимда, саховатли кишилар унинг ҳовли-жойида кўп хайрли ишларни амалга оширганди. Мен эса ҳамон ўша камтарлик намунаси бўлган онахондан қарзимни узолганим йўқ.
Ўшанда унга ачинган киши бўлиб, нега маҳаллага чиқмаслиги, нега моддий ёрдам сўрамаслигига қизиқдик. Ўзимизча, у кишига ҳукумат ижтимоий ночор кишиларга бераётган кўмак ҳақида тушунчалар берган бўлдик. Кекса аёл эса бир оғиз гап билан жавоб қилди:
- Болам, мен бировдан ёрдам сўрашга истиҳола қиламан...
Қимирлатиб қўйганда, қимирлаб турайликчи...
Ишонасизми, бу гапни китобларда ҳам ўқимаганман, ўша кунгача бирон жойда ҳатто эшитмаганман ҳам. Ўшанда ҳам парламент депутатлари билан аҳоли турмуш шароитини ўрганаётган эдик.
- Келинглар, марҳамат!
Ҳашаматдан холи, лекин анча батартиб хонадон бекаси дарвоза қоқаётган мен ва шеригимни набираси каби яқин олиб, ичкарига таклиф қилди. Аҳволини билиш учун келганимизни эшитгач, “Худога шукур, кунимиз ўтиб турибди”, деб жавоб қилди.
- Ўғлим ва келиним ишга кетган, неваралар бари дарсда, - деди ёлғизлигига ишора қилаётганимизни тушуниб. - Сизлар чой ичиб туринглар, ҳали замон бобонгиз (чолини назарда тутаётган эди) ҳам келиб қолади.
У шундай дея мўъжаз ҳовли этагидаги иссиқхонага кириб кетди. Қизиқувчанлигим тутиб унга эргашдим. Кекса аёлнинг чаққон ҳаракати ҳайратлантирган бўлса-да, иссиқхонага киргач, баттар донг қотдим. Чунки бу ерда турли-туман гул кўчатлари ўстирилаётганди. Қизиғи, гулнинг бутасимонлари ҳам учрайдиган бу масканда нафақат ҳар қарич ердан, балки ҳаво ҳудудидан ҳам унумли фойдаланилаётган эди. Яъни, сотишга мўлжаллаб ўстирилаётган гуллар уч, айрим ўринларда тўрт қават эди.
Онахон (энди уни бундан бошқача айтишга тил бормайди) иссиқхонада қайсидир гулларни ўтдан тозалади, қайсиларигадир дори бериб, остини юмшатди, баъзиларига сув қуйди. Боя айтганимдай, у бу ишларни фавқулодда чаққонлик, айни дамда назокат билан амалга оширарди.
- Энди, болам, ўртоғингни ёнига бориб ўтир. Мен асаларининг оиласини ажратишим керак, улар бегонани ёқтирмайди, - деди.
Иложсиз ҳовли четидаги супада чой ичиб, ширинлик еб ўтирган шеригимнинг ёнига чиқдим. Онахон айтилган юмушини бажариб бўлмасидан ташқарида машина тўхтагани сезилди. Зум ўтмай, дарвоза очилиб, нуроний отахон кириб келди.
Ҳовлида яна бирор соатча бўлдик. Кўп нарсалар хусусида суҳбатлашдик. Бу ўринда улар муҳим эмас, аҳамиятлиси, охирги саволим бўлди.
- Ўғил-қизларни уй-жойли қилиб бўлган экансизлар, чол-кампир оёқни узатиб яшамайсизларми?
Саволимга берилган жавоб учун катта бир китоб ёзиш мумкин. Мен эса жўяли мақола ҳам ёзмадим, афсус...
Тўғри, воқеликка тўрт-беш йил бўлди. Аммо ўша ёшига ярашмаган чаққонлиги бор онахоннинг охирги гаплари ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак:
- Қабрда ётганларни ўйланг, бекорчиликдан безор бўлиб кетишгандир. Модомики, Худо имкон бериб, қимирлатиб қўйган экан, қимирлаб турайлик...
Ёқубжон МАРҚАЕВ.