Айрим миллий тилларнинг тақдири савол остида
Бугун дунёда мавжуд тилларнинг 90 фоизининг ҳар биридан 100 минг аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради.
Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллион киши сўзлашиши керак. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Фарҳод Назаров, шу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди:
«Биз ҳам миллий тилни ривожлантириш учун айрим муҳим вазифаларни амалга оширишимиз лозим. Хусусан, глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб турибди.
Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Қолаверса, ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллатларга мансуб ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганишлари учун тегишли шароит яратиб бериш, юртимиз ва хорижда ўзбек тилини ўргатадиган ўқув марказларини кўпайтириш зарур.
Ўзбек тилининг мамлакатимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонун билан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонун уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади.
Айни пайтда аҳоли, айниқса, ёшлар турли маълумотларни асосан интернет ва ижтимоий тармоқлардан оляпти. Тилимизни жозибали ва қизиқарли тарзда тақдим этиш, бунинг учун ўзбек тилининг компьютер дастурларини, онлайн дарсликлар, электрон луғатларни яратиш лозим.
Ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади».