Азиз устоз – илм йўлидаги нур

Ўқитувчилик – инсонни юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли, иймон-инсофли, Ватанга садоқатли қилиб тарбиялайдиган, унинг қалбида ота-онага, бутун жамият аъзоларига нисбатан иззат-ҳурмат ҳиссини шакллантирадиган фаолият.
Вилоятимизда ушбу касбни умрининг мазмуни деб билган кишилар минглаб топилади. Улар орасида Абдуазиз Аминовнинг номини фахр билан келтириш мумкин.
А.Аминов Иккинчи жаҳон урушининг суронли даври бўлган 1942 йилнинг 20 апрелида Тойлоқ туманининг Испанди қишлоғида дунёга келди. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетининг физика факультетига ўқишга кириб, уни муваффақиятли битирди. Сўнгра Самарқанд шаҳридаги 3-сонли кечки ишчи ёшлар мактабида, 5-ўрта умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилди. Ёш ва маҳоратли муаллимнинг ўз касбини мукаммал билиши, дарсларни ҳаёт билан боғлаб ўтишдаги маҳорати, ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги халқ таълими бошқарув органлари раҳбарларининг эътиборига тушди ҳамда у вилоят миқёсидаги масъул лавозимга ишга таклиф қилинди.
1968 йилдан бошлаб унинг меҳнат фаолияти вилоятдаги таълим тизими идораларида кечди. Аввал вилоят халқ таълими ходимлари касаба уюшмасида назоратчи, кейин Самарқанд шаҳридаги 3-сонли кечки ёшлар мактабида директор, вилоят халқ таълими бошқармаси умумтаълим мактаблари бўлими бошлиғи лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилди. 1997 йилдан пенсияга чиққунига қадар вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг ректори вазифасида ишлади.
Абдуазиз Аминовнинг педагоглик фаолияти ушбу институтга раҳбарлик қилган йиллари янада самарали бўлди. Институтнинг моддий-техникавий таъминоти яхшиланди, дастлабки компьютер синфлари пайдо бўлди. Педагогик кадрларнинг малакасини ошириш жараёнига нуфузли олимлар жалб қилинди. Ўқитувчи-услубчилар таркибида 8 нафар фан доктори, профессор, 18 нафар фан номзоди-доцентлар фаолият юрита бошлади. Янги аудиториялар, фаоллар зали, ётоқхона бинолари қурилди, “Маънавият ва маърифат маркази” ташкил этилди. Малака оширишга келган ўқитувчи-мураббийларнинг Самарқанд шаҳридаги намунали мактаб-боғчаларда тажриба ўрганиши жорий қилинди.
Шунингдек, педагогик кадрлар учун услубий қўлланма сифатида хизмат қиладиган “Зиёкор” номли журнал таъсис этди ва унинг ҳар ой чоп этилишини таъминлади.
Тўпланган тажрибалар ва илмий хулосалар асосида диссертация ёқлаб, педагогика фанлари номзоди бўлди.
Устоз 9-11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Физикани ўрганамиз”, “Физикадан тест синовлари”, “Математикадан тест синовларига тайёрланиш бўйича тавсиялар” ва бошқа услубий қўлланмалар нашр эттирди. Вазирлик орқали институт ходимларининг Англия, Германия, Франция каби хорижий давлатларда малака оширишини йўлга қўйишга эришди.
Халқ таълими ходимлари А.Аминовга “Азиз устоз”, деб мурожаат қилар эдилар. Ҳақиқатан ҳам устоз бундай номга муносиб эди. У муаллим-тарбиячиларнинг ўқитувчиси – энг азиз устози эди.
Йўлдош СУЮНОВ,
“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби.
Абдумалик МАЖИДОВ,
халқ таълими фахрийси.