Баҳодир Ялангтўш Алишер Навоий каби Самарқандда меъморий биноларни қуришда шахсий даромадидан пул сарфлаган
Самарқанд ҳукмдори, Регистоннинг ислоҳчиси Баҳодир Ялангтўшнинг етук арбоб, саркарда ва уста меъмор бўлиб етишишида улуғ шоир ва мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг катта ўрни бор. Қуйида икки буюк аждодимизни бир-бирига боғлаб турувчи айрим жиҳатлари ҳақида сўз юритамиз.
Баҳодир Ялангтўшнинг отаси Бойхўжа Алишер Навоий фаолиятини яхши билган ва улуғ шоирга тақлидан ўғлига арабча Низомиддин деб исм қўйган. Зеро, замондошлари Навоийни “Низомиддин («диннинг низоми», «динни тартибга солувчи») Мир Алишер”, дея улуғлашган. Бироқ тарихда саркарда Баҳодир Ялангтўш номи билан шуҳрат қозонган бўлса-да, расмий ҳужжатларда Низомиддин номидан фойдаланаверган. Қадимги ўзбеклар орасида туғилган чақалоққа ҳам ўзбекча, ҳам арабча ном бериш одати бўлган. Жумладан, ўзбекона одатга кўра Мирзо Улуғбекнинг, Шайбонийнинг, Мангубердининг ўзбекча исмларидан ташқари арабча Муҳаммад исмлари ҳам бўлган. Бу улуғлар тарихда ўзларининг ўзбекча исмлари билан ном қолдирган.
Баҳодир Ялангтўшнинг отаси Бойхўжа гарчи, Шайбонийлар сулоласида хизмат қилган таниқли арбоб бўлса-да, у эътиқод масаласида товушли зикрга асосланган Яссавия тариқатига эмас, балки Нақшбандия тариқатига амал қилган. Ўғлига Низомиддин исмини берган ота ўғлининг ҳам Алишер Навоий мансуб бўлган Нақшбандия тариқатига амал қилувчи бўлиб етишишини истаган.
Биламизки, Алишер Навоий ўзининг шахсий даромадлари ҳисобидан 360 дан зиёд турли иншоотларни - Ихлосия мадрасаси, Қудсия масжиди, Халосия хонақоҳи, Шифоия шифохоналарни қурдирган. Улуғ шоирнинг бағрикенг бинокор бўлиб етишишида унинг Самарқандда яшаган даврда Мирзо Улуғбек ва унинг шогирдлари илм-фанга оид билимларидан, меъморчилик санъатидан илҳомлангани ҳақида баён қилиб, ўз асарларида маълумотлар қолдирган.
Машҳур тарихчи Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарида Алишер Навоийнинг қурилишларга бош-қош бўлишини шундай келтиради: «Подшоҳи Исломдан (Ҳусайн Бойқародан) ижозат олиб, 903 йил шаъбон (1498 йил, март-апрель) ойида гумбазни ва «Мақсура» тоқини очишга амр қилди... Ва у қурувчи бинонинг тез битишига қаттиқ аҳамият берганидан ҳар куни иш бошига келар, кўпинча этакни бар уриб, мардикорлар қатори ишлар эди. Ҳар неча кунда меъморлар, усталар, балки барча ҳунармандларга қимматбаҳо тўнлар кийгизар ва беҳад инъом ва эҳсонлар билан уларни шодлантирар эди».
Қизиқ томони шундаки, Баҳодир Ялангтўш ҳам худди Алишер Навоий каби Самарқандда меъморий биноларни қуришда Бухоро хонидан рухсат олган ва Навоий каби Самарқанддаги қурилишларга шахсий даромадидан пул сарфлаган.
Г.Пугачёванинг фикрича, Алишер Навоий қурдирган ҳаммомларнинг деворларига мифологик қушлар – анқолар тасвирлари туширилган. Бундай журъат эса албатта, Ялангтўш Баҳодирга илҳом бағишлаган ва у Шердор мадрасаси манглайига шерлар ва кийик тасвирини туширган.
Бу масалада ҳам Ялангтўш ўзига маънан устоз деб билган Алишер Навоий фаолиятига юзланган.
Алишер Навоий уста рассом ҳам бўлиб, Ҳусайн Бойқаро суратини, «Занжирбанд шер» расмини чизганлиги ҳақида маълумотлар бор. Келтирганимиздек, Баҳодир Ялангтўш қурдирган Шердор мадрасаси пештоқида ҳам шерлар тасвири чизилган бўлиб, улар Навоий шеридан фарқли равишда занжирбанд эмас, балки озод ва овдаги ҳаракатларда тасвирланган. Баҳодир Ялангтўш бунда Алишер Навоий чизган сюжетни мантиқий тугаллаб қўйган: занжирбанд шерни озод этган, бир шер Алишер Навоий, иккинчиси эса Баҳодир Ялангтўш тимсолига айланган. Улар қувлаётган кийик эса ижодий илҳомни англатган. Иккинчи шерни Ялангтўш Баҳодирга менгзадик. Чунки бу мадраса аслида «Баҳодир Ялангтўш» деб аталиб, бу ном абжад ҳисобида мадраса қурилган 1619 йилни англатган. Бироқ Самарқанд ҳокими ўз номи билан «Ялангтўш Баҳодир» деб аталадиган мадрасанинг Шердор деб номланишига ҳам қарши бўлмаган. Чунки унинг ўзи шерларнинг бири сифатида мадраса пештоқида савлат тукиб турган.
Алишер Навоий «қўш услуб» деган меъморий услубнинг ижодкори саналади. У Сарипулда Инжил анҳори ёнида ҳашаматли Ихлосия мадрасаси ва унга юзланиб турган бағоят кўркам Халосия хонақосини қурдирган. Эътибор берилса, Самарқанд Регистонидаги Улуғбек мадрасаси ва унга қараб тикланган Шердор мадрасаси ҳам шу услубда қурилган. Демак, Баҳодир Ялангтўш Регистон ансамблини тиклашда ҳам ҳазрат Алишер Навоийнинг меъморчилик услубидан фойдаланган. Биноларнинг орасидаги масофа, ранглар уйғунлиги ва нақшларнинг пропорцияларини шу услубда ўзлаштирган. Бу услубдан кейинчалик Тожмаҳал ва унинг қаршисида бино тикламоқчи бўлган Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳжаҳон ҳам фойдаланмоқчи бўлган.
Баҳодир Ялангтўш доимий равишда Алишер Навоий яшаган Хуросон шаҳарларини ҳам ўз ҳукмронлигига олишга ҳаракат қилган. Жумладан, 1613 йил самарқандлик ҳукмдор бошчилигидаги қўшин Сафавий турклардан Машҳад, Нишопур, Ҳирот, Қобул каби Хуросон шаҳарларини тортиб олиб, Бухоро хонлиги таркибига киритган. Бундай ҳаракатлар Баҳодир Ялангтўш умрининг сўнгига қадар давом этган.
Мақолада Алишер Навоий ва Баҳодир Ялангтўш фаолиятидаги умумий жиҳатлар, ўхшашликлар, ижодий анъананинг ўзига хос тарзда давом эттирилганлиги ҳақида сўз юритдик. Келгуси изланишлар Баҳодир Ялангтўшнинг нафақат уста санъаткор, меъмор ҳукмдор бўлганлигидан ташқари, бадиий ижод қилганлиги, Алишер Навоий услубида ғазаллар битганлигига оид маълумотларни ҳам ойдинлаштирса, не ажаб. Зеро, Алишер Навоий даҳоси нафақат ўз даврининг ижод аҳлига, балки кейинги даврлар адабиётига, санъати ва бинокорлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Буни фақат нозиклик билан илғай олиш ва халққа етказиш муҳим.
Эркин Мусурмонов,
Самарқанд халқаро технология университети профессори, филология фанлари доктори.