Баҳодир Ялангтўш нега Навоийга тақлид қилган эди?
Самарқанд Регистонининг асосчиси, бек Баҳодир Ялангтўш Олчиннинг етук арбоб, саркарда ва уста меъмор бўлиб етишишида улуғ шоир ва мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг катта ўрни бор.
Қайд қилиш керакки, Баҳодир Ялангтўшнинг отаси Бойхўжа Алишер Навоий фаолиятини яхши билган ва улуғ шоирга тақлидан ўғлига арабча Низомиддин деб исм қўйган. Бироқ бу йигит кейинчалик ўзбекча исм – Баҳодир Ялангтўш номи билан шуҳрат қозонган. Расмий ҳужжатларда эса Низомиддин исмидан фойдаланган. Қадимда ўзбеклар орасида туғилган чақалоққа ўзбекча ва арабча ном бериш одат бўлган. Жумладан, Мирзо Улуғбекнинг, Шайбонийнинг, Мангубердининг ўзбекча исмларидан ташқари, арабча Муҳаммад исмлари ҳам мавжуд эди.
Бойхўжа гарчи, шайбонийлар сулоласига хизмат қилган арбоб бўлса-да, эътиқод масаласида жаҳрия, яссавия тариқатларига эмас, балки нақшбандия тариқатига амал қилган. Ўғлига Низомиддин номини берган ота унинг ҳам Алишер Навоий мансуб бўлган нақшбандия тариқатига амал қилувчи ҳукмдор бўлиб етишишини ният қилган.
Алишер Навоий ўзининг шахсий даромадлари ҳисобидан 360 дан кўпроқ турли иншоотларни қурдирган. Улуғ шоирнинг бағрикенг бинокор бўлиб етишишида унинг Самарқандда яшаган даврда Улуғбек меъморчилигидан илҳомлангани ҳам ўз сўзини айтган. Алишер Навоийга тақлидан Баҳодир Ялангтўш ҳам шахсий даромадлари ҳисобидан Самарқандда турли биноларни, жумладан, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини солдирган.
Баҳодир Ялангтўш Шердор мадрасаси пештоқига шерлар (арслонлар) ва кийик тасвирини туширади. Бу масалада ҳам Ялангтўш ўзига маънан устоз билган Алишер Навоий фаолиятига юзланади. Ўз вақтида Алишер Навоий мўйқалам соҳибларига ҳомийлик қилган ва ўзи қурдирган биноларга турли ҳайвонларнинг тасвирларини чиздирган. Жумладан, Г.Пугачёванинг фикрича, Алишер Навоий қурдирган ҳаммомларнинг деворларига мифологик қушлар – анқолар тасвирлари туширилган.
Келтирилишича, Алишер Навоий занжирбанд шернинг расмини чизган. Баҳодир Ялангтўш яратган Шердор мадрасаси пештоқидаги шерлар Навоийнинг шеридан фарқли равишда занжирбанд эмас, балки озод ва овдаги ҳаракатларда тасвирланган. Баҳодир Ялангтўш мадрасасининг суратида Алишер Навоий чизган сюжетни мантиқий тугаллаб қўйган: занжирбанд шерни озод этган, бир шер Алишер Навоий, иккинчиси эса Баҳодир Ялангтўш тимсолига айланган. Иккинчи шерни нега Ялангтўш Баҳодирга менгзадик? Чунки бу мадраса аслида “Баҳодир Ялангтўш” деб аталиб, бу ном абжад ҳисобида унинг қурилиш даврини – 1619 йилни англатган. Бироқ Самарқанд ҳокими ўз номи “Ялангтўш Баҳодир” деб аталадиган мадрасанинг “Шердор” деб аталишига ҳам қарши бўлмаган. Сабаби, унинг ўзи шерларнинг бири сифатида мадраса юзида акс этган.
Алишер Навоий “қўш услуб” деган меъморий ансаблнинг ижодкори саналади. У Сарипулда, Инжил анҳори ёнида ҳашаматли Ихлосия мадрасаси ва унга юзланиб турган бағоят кўркам Халосия хонақосини қурдиради. Эътибор берилса, Самарқанд Регистонидаги Улуғбек мадрасаси ва унга уйқаш тикланган Шердор мадрасаси ҳам шу услубда қурилган. Демак, Баҳодир Ялангтўш Регистон ансаблини тиклашда ҳазрат Алишер Навоийнинг меъморчилик услубидан фойдаланган. Бу услубдан кейинчалик Тожмаҳал ва унинг қаршисида бино тикламоқчи бўлган Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳжаҳон ҳам фойдаланмоқчи бўлган.
Эркин Мусурмонов,
Самарқанд давлат чет тиллари институти кафедра мудири, филология фанлари доктори.