Байден ва Зеленский учрашуви: Президентлар нима ҳақида гаплашган?
Киев ва Вашингтон "Шимолий оқим-2" газ қувурининг қурилишига қарши чиқишда давом этмоқда. Улар буни Европанинг энергия хавфсизлигига таҳдид деб билишмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи чоғида Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ҳақидаги қўшма баёнотда айтилган.
Икки йилдан буён тайёргарлик кўраётган учрашувда Зеленский ва Оқ уй мезбони, АҚШ Президенти Жо Байден энергетика сиёсати ва иқтисодий ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилишди.
Владимир Зеленский:
"Биз режа тайёрладик, Ўз жамоам билан биргаликда катта иш қилдик. Мақсад - мамлакатимизни ўзгартириш. Бу Украина иқтисодиётини ўзгартиришнинг батафсил режаси. Қўшма Штатлар бизнинг давлатимизнинг ўзгариши ва иқтисодий тикланишида қандай роль ўйнаши мумкинлиги ҳақида гапиришни истардик.
Жо Байден:
"АҚШ Россия тажовузига қарамай, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тўлиқ содиқ қолмоқда. Биз Украинанинг евроатлантик интилишларини қўллаб-қувватламоқдамиз. Мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни жонлантирамиз".
Шунингдек, АҚШ президенти Украинага 60 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганини эслатди.
Баёнотда айтилишича, Россиянинг агрессияси, жумладан Донбассдаги можаролар ва Қримни эгаллаб олиш 14 мингдан ортиқ украиналикнинг ҳаётига зомин бўлди. Бундан ташқари, Европа ва Қора денгиз минтақасида беқарорлик юзага келиши қоидаларга асосланган глобал тартибга таҳдид солмоқда.
Москва Украина шарқидаги можарога алоқадорлигини рад этиб, Қримга эгалик қилиш масаласи ёпилганини билдирган.