Байроғим менинг

Сенда намоёндир фахру ғурурим,
Сен туфайли юксак завқим сурурим,
Сен билан мустаҳкам онгим, шуурим,
Зафарлар йўлида чароғим менинг,
Муқаддас яловим – байроғим менинг.

Аждодларнинг ғозий руҳидан садо,
Авлодлар бош узра кўтариб шайдо,
Жонин фидо этди Нажмиддин Кубро,
Кўзим қарочиғи-қароғим менинг,
Мўътабар-табаррук байроғим менинг.

Баҳсу курашларда қудратим бўлиб,
Жисму жоним ичра журъатим бўлиб,
Ноёб сувратиму сийратим бўлиб,
То абад эътиқод ардоғим менинг,
Порлайвер қудратли байроғим менинг.

Жаҳонда эллар кўп, эътиқодлар кўп,
Тинимсиз таҳлиллар, тадқиқотлар кўп,
Ўз молин мақтаган ташвиқотлар кўп,
Зафарларга чорлар маёғим менинг,
Сурурим, ғурурим байроғим менинг.

Ҳилпираб турибсан Жомолунгмода,
Эндиги сафаринг арзи самога,
Нурий назм айлади нашъу намода,
Қўлимда бунёдкор яроғим менинг,
Фаровонлик рамзи – байроғим менинг.

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.