Бефарқлик ва ғафлат

Шу сабабли ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини чин юракдан, ўксиб-ўксиб, шунинг баробарида катта фахр билан тингладим. Агар биз ҳам Президентимиз каби ватанпарвар, элпарвар, жасоратли бўлсак, юртимиз нечоғли қудратли, халқимиз нечоғли бахтли бўлишини тасаввур этдим.
Мурожаатнома ёлғон сиёсатдан қўрқиб яшаган халқимиз юрагига таскин, кўзига ишонч бағишлади. Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг, коллективлаштириш, Иккинчи жаҳон уруши, қатағон, қулоқ қилиш ва ниҳоят, "пахта иши" баҳонасида йиллар давомида топталган халқ нуқтаи назарини ўзгартириш, унга ишонч бағишлаш осонми?
Мустақилликдан кейин ҳам аксарият тизим раҳбарлари ғафлат уйқусидан уйғонишни уддалай олишмади. Буни ўз вақтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам куйиниб айтган эдилар. Fафлат эса эл олдида ўзини оқлаш учун ёлғончилик, ваъдабозлик, қўшиб ёзиш, фирибгарлик каби иллатларга йўл очди. Натижада одамларда нафақат мамлакат, балки ўз тақдирига ҳам бефарқлик пайдо бўлди.
Қаранг, биргина Самарқанднинг ўзида ана шу эътиборсизлик ва бефарқлик туфайли қанчадан-қанча ариқларимиз кўмилиб кетди. ЮНЕСКО маънавий меросига кирган обидалар атрофида тап тортмасдан иморатлар қуравердик. Ҳатто бир вақтлар ҳашар йўли билан қурилган, шаҳар ҳавосини тозалаб турган "Боғ-кўл" ("Парк озеро") бугун болалар майдончасига ўхшаб қолди. Кўҳна масканга тоғ ҳавосини келтириб турган барча сойларни кўмиб, иморатлар қурдик. Кўплаб раҳбарлар ўз ишига эмас, балки пахтага, ғаллага, ҳашарга чиқмагани учун вазифасидан четлатилди. "Берган эдим", "Олган эдим" каби тўқималар туфайли уларнинг қанчаси азоб чекди.
Раҳмат, борига шукур, давлатимиз раҳбари мана икки йилдирки, ана шу хавфли иллатлар илдизига болта уришни бошлади. Айниқса, у кишининг Мурожаатномасидаги ғоя ва таклифлар, ҳаётий йўл-йўриқлар қисқа муддатда бундай иллатларни бартараф этишга ёрдам беради.
Лекин бу осон иш эмас. Шу сабабли давлат раҳбари Олий Мажлисга, бутун халқимизга мурожаат қилди. Кўнглини очиб, дарду ҳасратини, режаларини, эзгу ниятларини бизга ҳавола этди. Нуроний сифатида бир гапни айтаман, агар ана шу сўзларга амал қилмасак, ўз кучимизни ишга солмасак, ўзгармасак, бизни давр ҳам, Худо ҳам кечирмайди. Шахсан мен бу қайноқ жараённинг қизғин жойида бўлишга тайёрман. Сиз-чи?